Олти ой давомида Омбудсман томонидан қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш юзасидан қандай ишлар амалга оширилди?
2024 йилнинг 1-ярим йиллигида Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 452 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 2023 йилнинг 6 ойида ушбу кўрсаткич 348 тани ташкил этган эди.
Мониторинг ташрифларнинг 56 таси жазони ижро этиш колониялари, 71 таси тергов ҳибсхоналари, 93 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 28 таси Махсус қабулхоналар, 17 таси реабилитация қилиш марказлари, 23 таси наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиаллари, 28 таси руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, 36 таси “Саҳоват” ва “Мурувват” уйлари, 61 таси мастлик ҳолатидагиларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ва 8 таси туман (шаҳар) Ички ишлар бўлимларида ўтказилган.
Мониторинг ташрифлари давомида 3,0 мингга яқин маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 1585 минг нафар шахс билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Ташрифларда ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларни яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш шароитлари ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, сақланаётган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида ҳанузгача бир қатор салбий ҳолатлар ва тизимли камчиликлар сақланиб қолаётганлиги аниқланди. Ушбу камчиликлар юзасидан 6 ойда Омбудсман томонидан мутасадди ва тегишли вазирлик ва идораларга 5 та талабнома, 5 та тақдимнома, 8 та хулоса ва 2 та таҳлилий ахборотлар киритилди.
Шунингдек, Омбудсман томонидан Олий Мажлис палаталарига 4 та таҳлилий маълумот тақдим этилди.
Омбудсман томонидан киритилган таъсир чораларини кўриб чиқиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги эскирган, беморларни сақлаш ва даволашда антисанитар ҳолатга келган Наркология диспансери Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди ва беморларга қулай шароитлар яратилди.
Мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 50 нафар ходимга ҳайфсан берилди, 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Жумладан, Сирдарё тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи, Қўқон «Мурувват» интернат уйи, Андижон тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйига амалга оширилган мониторинглар давомида 3 нафар ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 35 нафар ходимига “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган ва 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани 2-сон руҳий асаб касалликлари диспансери ва Фарғона вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасининг 6 нафар, Қашқадарё вилоятидаги шаҳар, туман вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридаги фаолият юритувчи 9 нафар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Андижон вилояти Псиохоневрология диспансерининг 1 нафар ходими ишдан бўшатилган.
Омбудсман тавсиясига кўра, Жиззах шаҳар ҳамда Дўстлик туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги ВСҲ капитал, Самарқанд вилоятидаги ВСҲ жорий таъмирланди. Нурафшон шаҳар ва Тошкент тумани ВСҲларидаги таъмирталаб ҳолатга келган камера ва сайр қилиш хоналари тўлиқ таъмирланди. Навоийдаги 36-сон Манзил-колониясидаги маҳкумларнинг умумий сони учун кичиклик қиладиган ошхона ўрнига 300 ўринга мўлжалланган барча қулайликларга эга бўлган ошхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар учун яқин қариндошлари билан учрашув хоналари қурилмоқда.
Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмагани, даволанувчиларга кийим-кечак ва бошқа керакли жиҳозлар ажратилмагани ва бошқа аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Назорат режаси тасдиқланиб, ижро этилмоқда.
Қолаверса, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида жойлардаги мутасадди органлар ва ташкилотларнинг вакиллари билан ҳамкорликда тиббий кўрик, сайёр қабуллар ҳамда бошқа маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорликда тор доирадаги олий тоифали шифокорлар жалб қилиниб, 5600 нафардан ортиқ маҳкум ва маҳбуслар тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрикдан ўтган маҳкумларнинг 440 нафари Тошкент шаҳридаги 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага юборилган.
Шунингдек, Навоий ва Сирдарё вилоятларида маҳкумлар ўртасида “Заковат” интелектуал ўйинлари ҳамда “Кинокарвон” лойиҳаси доирасида маънавий ва маърифий руҳдаги учрашувлар ўтказилди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий ва Наманган вилоятларидаги минтақавий вакиллари ва вилоятлардаги “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда ушбу ҳудудлардаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда. 2024-йилнинг 1-ярим йиллигида 800 нафардан ортиқ маҳкумлар касбга ўргатилиб, уларга сертификатлар берилди.
Энди маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларига тўхталамиз. Ҳисобот даврида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 1 271 та мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 16 %га камайган.
Мурожаатларнинг 483 таси почта алоқа хизмати, 22 таси сайёр қабул, 17 таси Омбудсман қабули, 200 таси фуқаролар қабули, 198 таси “Омбудсман қутиси”, 344 таси электрон тарзда ва 7 таси Омбудсманнинг “Ишонч телефони” орқали келиб тушган.
Мурожаатларда суд ҳукми, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларидан норозилик, суд ҳукмини енгиллаштириш, муддатидан олдин озод этиш ва (ёки) афв этиш, руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилганлиги ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги, Омбудсман билан учрашув, бошқа муассасага ўтказиш, оила аъзоларига кўмак бериш, тиббий ёрдам кўрсатиш, суд мажлисида Омбудсман Котибияти ходимининг иштироки ва бошқа масалалар кўтарилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 24 нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 13 нафари даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди.
7 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштиришида ёки муддатидан илгари шартли озод этилишида, 5 нафарига амалдаги интизомий таъсир чорасини муддатидан аввал рағбатлантириш тариқасида ечилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
2 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилган.
Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 6 нафар вояга етмаган фарзандларига бола нафақаси пули олишда ва 5 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар кўмагида моддий ёрдам ажратилишига эришилди.
Омбудсман номига 2024 йил 1-ярим йиллигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 95 та шикоят келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврида 125 тани ташкил этган.
Шикоятларнинг 8 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсман мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 35 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмади.
Омбудсманнинг назорат хатига кўра, 1 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
52 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ўрганилиб Омбудсман расмий сайтида 10 та муносабат билдирилган ва мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман талабномалари киритилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (омбудсман) Ахборот хизмати