ССВ аҳолини сохта табиблардан огоҳлантирмоқда

ССВ аҳолини сохта табиблардан огоҳлантирмоқда

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш билан шуғулланаётган сохта табиблар кўпаймоқда.

 

ССВ ахборот хизмати маълум қилишича, сўнгги вақтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиғи ва ҳаётига хавф туғдираётган сохта табиблар кўпаймоқда.

 

Республика халқ табобати илмий-амалий маркази директори Жамшид Мирраҳимов турли йўллар билан одамлар ишончига кириб, шундай “хизмат”ларни таклиф қилиб келаётган айрим шахслар ҳақида қуйидагича муносабат билдирди:

 

— Ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб қолди, — дейди мутахассис. — Уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам асосан оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз.

 

Турли хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий йўл ва уй шароитида халос бўлишни истаганлар “ғайритабиий қобилиятларга эга”лигини иддао қилаётган бундай кимсаларга мурожаат қилиб, алданиб қолишмоқда.

 

Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда айрим касалликларни даволашда чувалчанг истеъмол қилиш фойдали эканлигини тарғиб қилувчи видеолавҳалар тарқалди.

 

Унда халқ табобати билан шуғулланиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган “табиб” томонидан одамларни ўз тавсияларига ишонтириш учун тирик ҳолатдаги чувалчангни истеъмол қилиб кўрсатиши акс этган.

 

Аввало, бундай хатти-ҳаракат санитария ҳолатига зид. Қолаверса, ушбу “даволаш усули” табобатда ҳам, замонавий тиббиётда ҳам асосланмаган.

 

Видеодаги жонзот ер чувалчанги ёки ёмғир чувалчанги деб аталади. У тупроқдаги ҳар хил паразит ва микроэлементлар билан организмга тушгач, турли хавфли касалликларни келтириб чиқариши мумкин, – дейилади хабарда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: