Сурхондарёнинг «Ибратли судя» мукофоти билан тақдирланган судяси пора билан қўлга тушди
Иқтисодий ишлар бўйича Сурхондарё вилояти суди судяси 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Қайд қилинишича, ушбу судя «ўтган йилларда ибратли судя танловларида ғолиб бўлган нуфузли шахслардан бири эди».
Хабарда унинг исми шарифи келтирилмаган. Шунингдек, ҳозирча ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилмади.
«Ибратли судя» мукофоти 2020 йилда жорий этилган бўлиб, у билан одил судловни амалга оширишда самарали фаолият юритган судялар тақдирланади.