Саудия Арабистони 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ариза топширди

Саудия Арабистони 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ариза топширди

Саудия Арабистони 2034 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш учун Халқаро футбол федерациясига (FIFА) расман ариза топширди. Бу ҳақда мазкур федерациянинг аризалар бўйича ташкилий қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Бу сўровни Саудия Арабистони спорт вазири ҳамда Олимпия ва Паралимпия қўмиталари президенти шаҳзода Абдул-Азиз Ибн Туркий ибн Файсал бошчилигидаги расмий делегация ҳамда Саудия Арабистони футбол федерацияси президенти Ёсир Ал-Мишал Парижда ФИФАга топширди.

2034 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган давлат шу йилнинг 11 декабрь куни маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2030 йилги жаҳон чемпионати уч қитъанинг олтита давлатида бўлиб ўтади. Жаҳон чемпионатининг 100 йиллигига бағишланган ўйинлар Жанубий Америкада бошланиб, Шимолий Африка ва Европада давом этади.

Жумладан, 2030 йилнинг июнь-июль ойларига мўлжалланган 48 жамоа иштирокидаги турнир Уругвай, Аргентина ва Парагвайда бошланади. FIFА уларни “асрнинг байрам учрашувлари” деб атайди. Шундан сўнг чемпионат асосий мезбон давлатлар – Испания, Португалия ва Марокашда давом этади.

Ушбу ўйинлар давомида мисли кўрилмаган саёҳатлар амалга оширилади. Одамлар турли вақт зоналарида турли йўналишларда саёҳат қилишади. Улар орасида Буэнос-Айрес ва Мадрид ўртасидаги 13 соатлик парвоз бор.

Жаҳон чемпионати икки ярим шардаги олтита давлатда ташкил этилиши сабабли, айрим жамоалар гуруҳ ўйинларини турли мавсумларда (қиш, ёз) ўтказишлари керак бўлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: