Германияда Марказий Осиё ва Каспий минтақаси элчилари мулоқоти ўтказилди

Германияда Марказий Осиё ва Каспий минтақаси элчилари мулоқоти ўтказилди

Германиянинг Майнц шаҳрида жойлашган Рейнхессен Савдо-саноат палатасида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси, Рейнланд-Пфальц Иқтисодиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва узумчилик вазирлиги билан ҳамкорликда Марказий Осиё ва Каспий минтақаси давлатлари элчилари мулоқоти ташкил этилди. Бу ҳақда ушбу мамлакатдаги элчихонамиз ахборот хизмати маълум қилди.
Рейнланд-Пфальц ва Хессен федерал ўлкалари вазирлик, идоралари, йирик фирма ва компаниялар, ишбилармон доира вакиллари, экспертлар иштирок этган тадбирда томонлар ўртасида ҳамкорлик имконияти муҳокама қилинди.

Маҳаллий экспертлар таъкидлашича, жорий йил Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари учун иқтисодиётда янги истиқбол очилиши кутиляпти. 2023 йил ушбу минтақаларда иқтисодий соҳада сезиларли ривожланиш кузатилган. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби нуфузли халқаро тузилмалар ушбу ҳудудларда тараққиёт барқарор тус олишини башорат қилмоқда. Маълумот ва прогноз иқтисодий ўсиш ўтган йил 4,6 фоизни ташкил этгани, жорий йил ушбу кўрсаткич 4,2 фоизга етишини тасдиқламоқда.

Элчи Дилшод Аҳатов қайд этганидек, Ўзбекистон – Германия ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш, мамлакатимизга Германия сармояси миқдори кескин ошди. Охирги 6 йил юртимизда немис капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайиб, 200 дан ошди.

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда бизнес ва сармоявий фаолият учун қулай муҳит яратилган, – деди дипломат. – Хусусан, юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган саноат лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. 2024 йил январдан “Саноат ипотекаси” тизими жорий этилиб, юзга яқин давлат, жумладан Германия фуқаролари учун визасиз режим амалиётга киритилди. “Яшил” энергетика, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, химия саноати ва машинасозлик, электротехника каби муҳим соҳалар германиялик ишбилармонлар учун ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида эътироф этиляпти.

Тадбирда сўзга чиққан германиялик мутахассислар хом ашё салоҳияти, бозор кўлами ва изчил ислоҳотлар Ўзбекистон, қолаверса Марказий Осиёни немис компаниялари учун жозибадор йўналишга айлантираётгани, бу ҳолат ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш учун замин яратишини таъкидлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: