Баҳодир Жалолов навбатдаги Олимпиадада қатнашадими?
Парижда Олимпиаданинг бокс мусобақасида асосий баҳслар бўлиб ўтмоқда.
Ушбу босқичда Ўзбекистон делегацияси муваффақиятли қатнашмоқда. Эркаклар жамоасининг уч аъзоси — Ҳасанбой Дўстматов, Лазизбек Муллажонов ҳамда Асадхўжа Мўйдинхўжаев финалга йўл олди.
Яна икки боксчи ўзининг ярим финалдаги баҳсида қатнашишга тайёргарлик кўрмоқда. Баҳс олдидан “Sports.uz” нашри Баҳодир Жалоловдан медаллар учун баҳсда энг асосий рақиби деб қаралган, аммо илк баҳслардаёқ мағлуб бўлган қозоғистонлик Камшибек Кункабаев ҳақида сўради.
“Биз Қамшибек билан дўстмиз. Мен унинг мағлубиятидан жуда хафа бўлдим. Қамшибек билан финалда куч синашишни режалаштирган эдик. Унга келаси ишларида омад ва муваффақиятлар тилайман. Қамшибек Қозоғистон номини жаҳон ареналарида танитган спортчилардан бири”.
Фото: Olympic
Баҳодир Жалолов Ўзбекистон термасидан нечта олтин медал кутаётганини айтди.
“Бешта олтин медал олмоқчимиз. Ҳозирча уч нафар боксчимиз финалга йўлланма олди. Энди финалга чиқиш навбати мен ва Абдумалик Ҳалоковда. Ўз жангларимизда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”.
Спортчи мусобақадан кейин профессионал боксга бор эътиборини қаратади.
“Кейинги Олимпиадада қатнашмайман. Бундан кейин тўлиқ профессионал боксга ўтаман”.
Маълумот учун, бугун, 7 август куни Баҳодир Жалолов ярим финал баҳсида қатнашади.
Профессионaл боксда 14 та жанг ўтказган ўзбек боксчиси жангларнинг барчасида рақибларини нокаутга учратган.