Афғонистон Озарбайжондан БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида иштирок этиш учун ёрдам сўради
Афғонистон маъмурияти Озарбайжондан бу йил Озарбайжон пойтахти Бокуда бўлиб ўтадиган 2024 йилги БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (CОP29) иштирок этиш учун ёрдам сўради.
Афғонистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги бош директори Матиул Ҳақ Холис мамлакат пойтахти Кобулда Озарбайжоннинг Кобулдаги элчиси Илҳом Муҳаммедов билан учрашди.
Халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон билан экологик масалаларда етарли даражада ҳамкорлик қилмаётганини қайд этган Холис Озарбайжондан Афғонистоннинг CОP29даги иштирокини қўллаб-қувватлашни ва бу йўналишда ёрдам бериш учун чоралар кўришни сўради.
«Анадолу» агентлиги мухбирига Озарбайжоннинг Кобулдаги элчихонасида маълум қилинишича, Афғонистон томонининг сўрови тегишли органларга ўтказилади.
11-22 ноябрь кунлари Озарбайжонда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси томонларнинг 29-конференцияси (CОP 29) бўлиб ўтади.