Тошкент давлат иқтисодиёт университети Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида «Саҳро садоси» II Халқаро ёшлар фестивалини ўтказди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида «Саҳро садоси» II Халқаро ёшлар фестивалини ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 апрелда “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-135-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатда бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Элликқалъа тумани ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 4-5 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида «Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!» шиори остида «Саҳро садоси» II Халқаро ёшлар фестивалини ўтказди. Мазкур фестиваль мамлакатимиз, шу жумладан Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Фестивалда Хорватия, Ҳиндистон, Хитой ва қўшни мамлакатлардан туризм бўйича мутахассислар, илмий тадқиқотчилар ҳамда 1000 га яқин талаба ёшлар қамраб олинди.

«Саҳро садоси» ёшлар фестивалини Элликқалъа тумани ҳокими Валижон Ниязимбетов очиб берди. Шундан сўнг фестиваль доирасида хорижлик ва маҳаллий туризм мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон туризмини ривожлантиришга қаратилган Халқаро тренинглар ўтказилди.

Ундан сўнг Тупроққалъа тарихий мажмуасида талаба-ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшларимиз!” мавзусида расм чизиш кўрик-танлови, Ақчакўл соҳилида “Балиқдан 99 хил таом” миллий таомлар танлови ўтказилди. Қолаверса, фестиваль доирасида спорт мусобақалари, миллий спорт ўйинлари тадбирлари Ақчакўлдаги Амфитеатрда фестиваль концерт дастурларига уланиб кетди.

Фестивалнинг иккинчи кунида Аёзқалъада кураш , шахмат, шашка, арқон тортиш каби спорт ўйинлари кенг қамровда ўтказилди.

Фестиваль икки кун давомида кўтаринки кайфиятда ўтди. Фаол иштирок эткан ёшлар турли номинациялар асосида тақдирланди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари ва келишувларга эришди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: