Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (36-қисм)

Фазлиддинга финал олдидан: «Ютсанг, беш минг сўм берамиз», дейишганди. Сумма бирдан ўзгариб қолди. Демак, шу ерда ҳам кимдир пул қилиб олмоқчи бўлган. Айтиш мумкинки, жонини хатарга қўйган. Сабаби, Каримбой ўзини алдамоқчи бўлганларни асло кечирмайди. Нақ товонидан бошлаб терисини шилиб олади, тириклай ёқиб юборади. Ўзи алдамайди, алдаганларни ҳам соғ қўймайди. У истаганча зўравонликлар қилиши мумкин. Бировларнинг битмай ётган ишларини битириб ташлайди. Бировнинг тушига кирмайдиган савдо ишлари бор. Бироқ у алдамайди. Алдаса, ишларининг расвоси чиқишини жуда яхши билади.

Чори деганлари ўша Фазлиддинга беш минг ваъда қилган йигит экан. У Фазлиддиннинг ёнига келганида таниди. Иккисининг кўзи бир-бирига тушди. Шунда Чори қандайдир кўзини қисиб қўйгандай бўлди ёки Фазлиддинга шундай туйилди.

Фазлиддин бунча пулни умрида ушламаганди. Бунча пулнинг бир ерда тўпланганини ҳам кўрмаганди. Бунинг устига, ҳаммаси эллик сўмликлар экан. Буниси эса ҳаммасидан даҳшат эди…

Айшу ишрат анча давом этди. Лекин икки курашчини узоқ ушлаб туришмади. «Чарчагансизлар, боринглар, дамингизни олинглар», деди уларга Каримбой.

Фазлиддин бирдан енгил тортди. Қушдай енгил бўлди.

Яна машинага ўтиришди. Бу сафар кўчанинг болаларидан фақатгина ҳайдовчи шерик бўлди.

Акбар талабалар шаҳарчасидаги манзилини айтди. Фазлиддин ҳам унинг ётоғи ёнида тушиб қолди.

— Бунча пулни нима қиламиз? — дея сўради машина кетганидан кейин Фазлиддин Акбардан.

— Эртагаёқ уйингга кетасан. Тўғри бориб отангнинг қўлига тутқазасан! — деб шу заҳоти жавоб берди Акбар.

— Лекин отам мендан бунча пулни қаердан олдинг деб сўраса, нима деб жавоб қиламан?

— Ҳамма сенинг чемпион бўлганингни кўрди. Чемпионлик пулим дейсан. Тамом-вассалом.

— Мен отамни алдаёлмайман.

— Алдамайсан. Олганинг ҳақиқатан ҳам чемпионлик пули. Фақат ким берганини айтмайсан. Тамом. Шунда ёлғон ҳам гапирмаган бўласан, пулни нима қиламан деб бошингни ҳам қотирмайсан. Ҳамманинг олдида кўнглинг тоза… Менга қара, вақт анча кеч бўлиб қолди, кузатиб қўяман сени.

— Йў-ў-қ, ўзим кета оламан. Шунчаки, пулни нима қилишни билмаганим учун бу ерда сиздан маслаҳат сўрагани тушиб қолгандим. Бўпти, хайр, мен кетдим.

— Эҳтиёт бўл. Олди-орқангга қараб юр. Пулнинг борлиги йўқлигидан кўра хавфлироқ… Ҳа, айтганча, бир-икки кунда давлат ҳам пул беради. Шунинг учун қишлоғингда кўп қолиб кетма.

— Хўп, — деди Фазлиддин.

Унинг уйи унчалик ҳам узоқ эмасди. Етиб олгунича ярим соатча вақт кетди. Аммо бунча пул билан юриш унга жуда оғирлик қилди. Худди ортидан биров пойлаб келаётгандай туйилаверди. Ваҳоланки, бирорта шубҳали одамни учратмади.

— Эртагаёқ сени йўқ қиламан! — деди у уйига кириб, ортидан эшикни ёпиб, сумкасидаги пулни қўлига оларкан.

Фармон ака ўғлининг бунча эрта келишини кутмаганди. Аммо Фазлиддиннинг кечаги чемпионлигини кўриб: «Бекор Тошкентга бормаган эканман, боламни бағримга босиб табриклардим», деган хаёлга борди. Шу куни уйига ҳамсоялари югуриб чиқишди. Бироқ ҳаммадан аввал укаси Абдуалим келди. Қўлида бир шиша ароқ.

— Ака, бугун ғиринг этолмайсиз! Бугун Фазлиддин чемпион бўлди! Менинг укагинам! Менинг укам, биласизми?! Сиз ювиш нималигини билмайсиз. Сиз шуниям байрам қилмайсиз! Мен бўлсам қиламан, ака! — дея бақирди.

— Нима қилсанг, қилавер. Фақат менинг олдимда эмас. Хўп, чемпион бўлса нима бўлибди?! Чемпион биргина уми? — деди.

— Янга, кўрдингизми акамни?! Гапини эшитдингизми?! Одамларнинг боласи чемпион бўлса, ҳўкиз сўяди. Бутун элга тўй қилиб беради. Менинг қурумсоқ акам бўлса, уйида қаттиқ нонни кемириб ўтираверади!

У шундай деб ҳовлининг ўртасида шишани кўтарди. Аммо икки кўзи акасида эди.

— Сен, эшак, тоза бошимга битган бало бўлдинг-да! — деб Фармон ака шу заҳоти қўлига калтак олиб уни қувиб кетди…

Кейинроқ, ҳали айтганимдай, бошқалар ҳам табриклагани келишди. Улар Абдуалим қилган ишни қилишмади. Фармон акани қучоқлаб табриклашди. Шундан кейингина Фармон ака бироз юмшади.

— Кампир, — деди аёлига, — энди битта ош қилмасанг бўлмайди. Ҳозир битта хўроз сўйиб бераман. Жа, ҳўкиз сўймасак ҳам, хўрознинг эпини қиламиз…

У меҳмонларга ароқ бермади. Ваҳоланки, қўшнилари обдан текизиб гапиришди.

— Агар, — деди Фармон ака пинагини ҳам бузмасдан, — Фазлиддин СССР чемпиони эмас, жаҳон чемпиони бўлган тақдирдаям ундай бемазагарчиликни қилмайман.

Унинг шу гапидан кейин қўшнилар ош билан чой ичишга мажбур бўлишди.

Эртасига Фазлиддин уйига етиб келмасидан бурун яна уч-тўртта ҳамқишлоқлари келиб табриклаб кетишди.

— Қалай бўлди? — дея сўради Фармон ака Фазлиддинни ёнига ўтқазиб. Бунгача ака-укалар, сингиллар, онаси Фазлиддинни бағрига босиб, обдан табриклашди.

— Ота, ҳаммага айтиб чарчадим. Ким кўрса, шундай деб сўрайди. Телевизордагидай бўлди, — деб жавоб қилди Фазлиддин.

— Мана шу гапинг меники бўлди. Маладес, ишқилиб, чарчамадингми?!

— Йўқ, ота. Чарчамадим.

— Бу ерда бўлса, энанг икки соат йиғлади. Айниқса, анави грузин сени елкасига кўтариб олганида: «Қўй, қўйиб юбор боламни!» деб бақириб юборди. Сен уни айлантириб ота бошлаганингдан кейин: «Ана кўрдингми? Унинг ҳам онаси ҳозир болангга худди шундай деб бақиряпти», дедим. «Баттар бўлсин, ўзидан бўлди», дейди. Лекин йиғлайди. Камига унга сингилларинг ҳам қўшилиб олишди. Сал қолса, сенинг чемпионлигингдан уйимизда мотам бўлиб кетаёзди…

— Фазлиддин, — деди отасидан кейин дарров навбатни олган Фахриддин, — менга қара, анави бўйнингга осган медали ҳақиқатан ҳам тилламиди?

— Йўқ. Қаерда? Шунчаки сариқ бўлса керак. Бировлар тилла суви юритилган дейишади. Ана, сумкамда.

Сингиллардан каттаси дарров сумкани очди. Унда медаль билан бирга пулни ҳам кўрди. Кўзлари олайди. Бироқ қизгина пишиққина эди. Шу боис медалнинг ўзини олди-да, сумканинг оғзини беркитиб, онасининг ёнига қўйди.

Фазлиддин энг аввал медални отасининг бўйнига илди.

— Ана, отаси, сиз энди чемпион бўлдингиз, сизга роса ярашди, — деди бирдан аёли.

— Ўзи аслидаям менман-да чемпион. Буни боқиб катта қилган ким? Мен! — деб Фармон ака аёлига қараб жилмайди. — Сениям ҳиссанг бор, ол, сен ҳам бир тақиб кўр.

Аёлнинг кўзидан ёш чиқди.

— Фахриддин, — деди Фармон ака, — бориб икки-уч кило гўшт олиб кел. Энанг ош қилсин. Фазлиддиннинг келганини қишлоқдагилар кўрган бўлишлари керак, ҳализамон битта-иккита бўлиб келиб қолишади. Жўралариям бор.

— Пул беринг, — дея тиржайди Фахриддин.

— Ўзингда йўқми?

— Бўлса сўрармидим? Укам учун боримни ташлайман.

— Сен ҳам Абдуалимнинг биттасисан, — деб Фармон ака чўнтагини ковлаштириб ҳаммаси уч ва бир купюралик бўлган йигирма сўмни катта ўғлининг қўлига тутқазди.

Сингиллар меҳмонларнинг келишига уйни тайёрлаш учун чиқиб кетишди. Ана шундагина Фазлиддин ота-онасига пул ҳақида оғиз очди. Худди Акбар ўргатгандай гапирди. «Чемпионлик пули».

— Войбўй! — деб юборди Фазлиддиннинг онаси. — Ўн минг сўм?!

— Жим! — деди шу заҳоти Фармон ака дераза томонга қараб олиб. — Биров эшитмасин. Ҳаммаёққа шов-шув бўлиб кетмасин.

Аёл шу заҳоти тилини тишлади.

— СССР чемпиони бўлишга арзийдиган пул. Эй, бунинг тагида озмунча меҳнат ётибдими?

Фазлиддиннинг боши эгик эди. Бир нарса деёлмасди. Деса, ёлғон гапириб қўяди. Ёлғон гап учун Худонинг олдида жавоб беради. «Ҳеч вақт, айниқса, ота-онангга ҳар қандай шаклдаги ёлғонни гапирма», деган эди устози.

— Шунинг учун дарров уйга келдингми? — деб сўради отаси.

— Ҳа, — деб жавоб берди Фазлиддин, — бунча пул хаёлимни бўлиб ташлайверди. Кейин келдим. Ўқишдагиларга айтганим йўқ. Шунинг учун эртага саҳар кетаман.

Фармон аканинг башорати тўғри чиқди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай уйларига узун-қисқа бўлиб қишлоқдошлари кела бошлади. Албатта, уларнинг ораларида Фазлиддиннинг жўралари ҳам бор эди.

Табриклашлардан кейин улар ҳам бошқалар каби «Қандай бўлди? Нима бўлди?» дея суриштиришга тушиб кетишди. Жавоб эса қисқа эди. Қишлоқдошлар қониқишмасди. Улар миридан сиригача билишни исташарди. Уларга яна ечиниш хонасидаги «ҳангома»лар қизиқ эди. «У ерда сизларга нима дейишади? Рақибинг билан битта хонада бўласанми? Нима едиришади?» ва ҳоказо нарсаларни сўрашди. Фазлиддин буларнинг барига қисқа-қисқа жавоб берар ва унинг жавоблари яна қониқарсиз бўлиб қолаверарди. Охири бир-иккитаси ичкилик топиб келди. Шундан кейин Фазлиддин уйдан чиқиб кетди. У Малоҳатни кўришни тусаб қолди. Агар ҳамқишлоқлари сўраган нарсаларни Малоҳат сўраса, жон-жон деб ипидан игнасигача гапириб берган бўларди. «Ҳалиям бўлса бораман, меҳмонлар кетишлари билан бораман…» деди у ўзига ўзи. Бироқ меҳмонлар кетишни хаёлларига ҳам келтиришмасди. Яхшики, Шокир билан Алишер Фазлиддин кетганидан кейин узоқ ўтира олмади. Иккаласи ҳам ташқарига чиқди.

— Ҳа, нима бўлди? Индамай чиқиб кетдинг… — деди Шокир.

— Бир хил саволга бир хил жавоб беравериб чарчадим. Ундан кейин ичадиганлар билан ўтиролмайман, — дея бурнини тортиб қўйди Фазлиддин.

— Ўзи ҳаммаси эзма-да. Менга қара, кетмайсанми? — деб сўради яна Шокир.

— Эртага кетаман.

— Нега?

— Ўқишга бориш керак.

— Эй, олим бўлармидинг? Керак бўлса, сенга камида бир ой биров тегинмайди. Сен кетма. Эртага болалар билан ўтирамиз. Сенинг отингни эшитишса, қизлар ҳам келишади. Шундай Одилникига борамиз…

— Йўқ, сира иложим йўқ, — дея унинг гапини бўлди Фазлиддин, — бошқа сафар.

— Бу туришингда сенинг бошқа вақтинг бўлмайди. Майли, ўзинг биласан. Ҳеч бўлмаса, ҳозир юр. Бу ерда ўтиролмаётган бўлсанг, бизникига борамиз. Уйга кириб олиб чақчақлашамиз.

Бирдан Фазлиддиннинг хаёлига «Топилди!» деган ўй келди. Ҳозир «Шокирларникига кетяпман», деб уйдан чиқади. Лекин уларникига бормайди. Тўғри Малоҳатнинг ёнига кетади. Малоҳат билан кўришади…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: