Андижонда ота алимент эвазига икки хонали уй берди
Маълум бўлишича, Андижон шаҳрида яшовчи Н.Х. 2016 йилда Россия федерациясига ишлаш учун кетган. У хорижда бўлган даврида собиқ турмуш ўртоғи томонидан алимент ундириш учун судга даъво ариза киритилган.
Шунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг 02.05.2019 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор Н.Х.дан ундирувчи Н.Х.фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор 2016 йилда хорижга чиқиб кетганлиги ва жорий йилда юртимиз ҳудудига қайтганлиги аниқланган.
Қарздорнинг алимент қарзи мавжудлиги сабаб мамлакатимиз ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган. Четга чиқиш ҳуқуқларини тиклаш мақсадида ота алимент қарзи ва келгусидаги алимент тўловлари эвазига ўзининг Андижон шаҳрида жойлашган икки хонали уйини беришини маълум қилган.
Суд орқали ижро этиш усули ва тартиби ўзгартирилиб, 48 млн. сўм алимент қарзи ва фарзандлар вояга етгунига қадар ҳисобланган 94,1 млн. сўм эвазига икки хонали уйнинг ҳужжатлари ундирувчи Н.Х.нинг номига расмийлаштириб берилди.