Чехия президенти Трампнинг ғалабасида демократиянинг заифлигини кўрди
Чехия президенти Петр Павелнинг айтишича, АҚШда Доналд Трамп ғалаба қозонган яқинда ўтказилган сайловлар демократия узоқ вақтдан бери ўрнатилган мамлакатларда ҳам қанчалик заиф бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Унинг сўзларини Radio Praga International хабар қилмоқда .
Павелнинг сўзларига кўра, бу заифликлар одамларнинг камроқ қизиқиши ва кам маълумотга эга бўлиши, шунингдек, манипуляция ёки қўрқитишга мойиллиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, у Трампнинг ғалабаси АҚШ билан муносабатларнинг ёмонлашишини англатмаслигини таъкидлади.
«Мен у билан бир неча бор шахсан учрашдим, ўзини қандай тутганини, нима деганини кўрдим, сайловолди ташвиқотини қандай олиб бораётганини, турли мавзуларда қандай фикр билдиришини кузатдим. У ҳақида менинг фикрим бор, лекин бу муҳим эмас. У президент, мен президентман ва ҳар биримиз мамлакатимиз вакилимиз», — таъкидлади Чехия президенти.
Унинг таъкидлашича , республикачилар ғалабасидан кейинги асосий савол – у сайловдаги ваъдаларини бажара оладими ва Украинадаги можарони тўхтата оладими .