Қозоғистондаги авиаҳалокатда қанча одам қурбон бўлгани айтилди
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Embraer 190 ҳалокати 38 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири ўринбосари Канат Бозумбаев маълум қилди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, жабрланганларнинг 29 нафари шифохонага ётқизилган, улардан уч нафари болалардир. 11 кишининг аҳволи оғир, деди Бозумбаев.
Самолёт қулаган Тупқараган туманида маҳаллий даражада фавқулодда ҳолат жорий қилинган.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги якуний рақамларни эълон қилди:
“Самолётда 67 киши, жумладан беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Йўловчилар орасида олти нафар Қозоғистон, 42 нафар Озарбайжон, уч нафар Қирғизистон, 16 нафар Россия фуқароси бор, бир кишининг фуқаролиги аниқланмоқда. Экипаж аъзоларининг барчаси Озарбайжон фуқароларидир. Ҳодиса оқибатида 29 киши касалхонага ётқизилган, улардан уч нафари бола. Улардан: 15 нафари Озарбайжон, 9 нафари Россия, икки нафари Қирғизистон фуқароси бўлиб, уч нафарининг фуқаролиги аниқланмоқда”, — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.
Ишонч телефон рақамларига 571 та қўнғироқ келиб тушди. Ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари кинология хизматлари иштирокида давом этмоқда.