Қашқадарёдаги шифохона зинаси остидан номаълум чақалоқ топилди (видео)
Қашқадарё вилоятидаги шифохоналардан биридаги зинапоя остидан чақалоқ топилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
«Жорий йил 21 март куни Қарши шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматология бўлими биносининг иккинчи қаватга кўтарилиш зинасининг тагига чақалоқ номаълум шахс томонидан ташлаб кетилган. Ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилган», — дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати тарқатган хабарда.
Таъкидланишича, чақалоқ тиббий кўрикдан ўтказилганда туғилганига йигирма кун бўлгани, умумий аҳволи қониқарли экани маълум бўлган, танасида тан жароҳати белгилари аниқланмаган.
Ҳозирги кунда чақалоқ Китоб туманида жойлашган вилоят болалар уйига жойлаштирилгани, соғлиғи яхши экани билдирилган.
Ҳолат юзасидан ҳозирда Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, — дейди масъуллар.