Байденнинг сўзлари Исроилнинг жиноятларида «шериклик»ни кўрсатади
Al-Jazeera: Аввалроқ, биз АҚШ Президенти Жо Байденнинг MSNBC телеканалига берган интервьюсидан парчаларни улашган эдик. Унда у уруш бошида Нетаняхудан Ғазодаги тинч аҳоли яшаш жойларини ёппасига бомбаламасликни илтимос қилганини маълум қилганди.
Бироқ Байден шунингдек, Нетаняху Исроилнинг зўравонлик кампаниясини оқлаш учун ўз фикрича «асосли далил» келтирганини ҳам таъкидлаб ўтди. Нетаняху унга: «Қаранг, булар менинг халқимни ўлдирган одамлар» деган экан.
Таҳлилчи Ҳасан Барарининг фикрича, Байденнинг изоҳлари Исроилнинг Ғазода АҚШ қуролларидан бефарқ фойдаланишини тан олаётганга ўхшайди.
«Бу Байденнинг ўзи исроилликлар қилаётган ишларда, жумладан, одамларни танламасдан ўлдиришда шерик бўлганидан далолат беради,» деди Барари Ал-Жазирага. «У буни жуда яхши биларди… У [Исроилга] буни амалга ошириш учун воситаларни етказиб беришда давом этди.»
«Буни айтиш орқали у [Байден] америкаликлар 1945 йилдан бери ҳимоя қилиб келаётган халқаро тартибнинг асосий тамойилларига путур етказди,» деди Барари.
«Бу дунёга америкаликларда икки хил мезон борлигини жуда аниқ кўрсатмоқда: бир томондан, улар Путиннинг Украинадаги ҳаракатларини танқид қилишади, аммо айни пайтда Нетаняхунинг Ғазодаги қилмишларига кўз юмишади».