Қозоғистон Ўзбекистонга картошка экспортини 6 ойга тўхтатди

Қозоғистон Ўзбекистонга картошка экспортини 6 ойга тўхтатди

Қозоғистоннинг бир қатор вилоятларида картошка нархи кескин ошиб кетгани туфайли ҳукумат ушбу маҳсулотнинг учинчи давлатга экспортини олти ойга чеклашга қарор қилди, деб хабар беради Kazinform.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, бош вазир кўрсатмасига биноан Қишлоқ хўжалиги, Савдо ва интеграция вазирликларига мамлакатдаги картошка бозорида юзага келаётган вазиятни мунтазам мониторинг қилиш топширилган.

«Қўшни давлатларда, айниқса, Ўзбекистонда талаб ортгани ва экспорт нархларининг юқорилиги туфайли жорий йилда картошка экспорти 1,5 баробарга ошиб, 411 минг тоннадан 605 минг тоннага етди. Бу каби талаб ажиотажи ички бозорга таъсир кўрсатди. Охирги ҳафтада экспорт билан шуғулланувчи ишлаб чиқарувчилар ўртасида нархларнинг кескин ўсиши қайд этилди (170 дан 270 тенгегача)», — дейилади ҳукумат хабарида.

Ички бозорда картошка нархини барқарорлаштириш учун Савдо фаолиятига оид масалалар бўйича идоралараро комиссия йиғилишида картошкани учинчи давлатга олиб чиқилишини 6 ой муддатга чеклаш бўйича қарор қабул қилинган.

«Мазкур чора ЕОИИ давлатларига тааллуқли эмас, аммо ушбу йўналишдаги экспорт назорат остида бўлади. Шу билан бирга, юзага келган вазият инобатга олинган ҳолда 16 январдан экспорт учун фитосанитар сертификатларни тақдим этиш бутунлай тўхтатилди», — дея таъкидланади хабарда.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, бугунги кунда мавжуд захиралар 2025 йилги ҳосилга қадар ички бозор талабини қондириш учун тўлиқ етади. 19 январ ҳолатига кўра, 850 минг тоннадан ортиқ картошка захираси мавжуд.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: