Россия Ғарбда қотилликлар учун махсус хизмат ташкил этди

Россия Ғарбда қотилликлар учун махсус хизмат ташкил этди

Россия ҳокимияти Ғарб мамлакатларида қотиллик ва қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун янги махфий разведка хизматини тузди. Бу ҳақда Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси 14 февраль жума куни Ғарб разведка хизматлари манбалари ва номи ошкор этилмаган амалдорларга таянган ҳолда хабар берди.

Нашр янги хизматни инглиз тилида Department of Special Tasks деб атайди, бу Махсус вазифалар департаменти деб таржима қилинади. Бироқ рус тилида у ССД қисқартмаси билан танилган, деб ёзади WSJ. Газета маълумотларига кўра, у 2023 йилда ташкил этилган ва Москвадаги Гризодубова кўчасида жойлашган Россия Қуролли кучлари Бош штаби (аввалги ГРУ) бош қароргоҳида жойлашган.

WSJ ёзишича, ССД разведка фахрийларини сафига қабул қилди, у ФХХнинг айрим ваколатларини ўз зиммасига олди, бутун дунё бўйлаб қўпорувчилик учун масъул бўлган 29155-сонли ҳарбий қисмни, шунингдек, Москва вилоятидаги «Сенеж» махсус кучларни тайёрлаш марказини ўз таркибига қўшиб олди. Унинг маълумотларига кўра, ССД Rheinmetall раҳбари Армин Паппергерга суиқасд уюштиришда, DHL орқали ёндирувчи қурилмалар юборишда, шунингдек, Берлиндаги Diehl заводида юз берган ёнғин ортида турган.

ССД раҳбари генерал-полковник Андрей Аверянов ҳисобланади. Илгари оммавий ахборот воситалари уни Бош штаб бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва 29155-сонли ҳарбий қисм қўмондони сифатида тилга олишган. Унинг ССДдаги ўринбосари генерал-лейтенант Иван Касяненко эканлиги ҳақида WSJ хабар бермоқда. У аввалроқ 29155-сонли ҳарбий қисм бошлиғининг ўринбосари сифатида танилган эди. Мақолада тилга олинган яна бир ССД зобити – майор Юрий Сизовдир.

Ғарб разведкачилари таъкидлашича, ССДнинг камида учта асосий вазифаси мавжуд: чет элда қотиллик ва диверсия уюштириш, Ғарб компаниялари ва университетларига кириб бориш, ҳамда чет эл агентларини ёллаш ва ўқитиш. Хизмат уларни Украина, Сербия ва бошқа мамлакатларда ёллайди. Бундан ташқари, у «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг Африкадаги фаолиятини назорат қилади.

Америка газетаси ёзишича, ССД фаолияти ўтган ёзда энг юқори чўққисига етган, аммо сўнгги пайтларда пасайиш кузатилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: