Шимолий Орол денгизининг суви 42 фоизга ошди

Қозоғистон Кокарал тўғонини сақлаб қолиш ва Сирдарё дельтасини тиклаш лойиҳасини якунламоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Сув хўжалиги вазирлиги расмий вакили Молдир Абдуалиева маълум қилди, деб ёзмоқда «Казинформ».
“Кокарал тўғонини сақлаб қолиш ва Сирдарё дельтасини тиклаш лойиҳаси якуний босқичда. Йил охиригача вазирлик Шимолий Оролни Катта Орол денгизидан ажратиб турувчи Кўкарал тўғонини реконструкция қилишни якунлашни режалаштирмоқда. Бу Шимолий Орол денгизини асраб-авайлаш, сувининг шўрланишини камайтириш ва минтақадаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади”, деди у брифингда.
Шунингдек, у вазирлик Жаҳон банки билан ҳамкорликда 39 та лойиҳани ўз ичига олган Шимолий Орол денгизини асраш лойиҳасининг иккинчи босқичини ишлаб чиққанини маълум қилди.
“Ушбу лойиҳа қандай фойда келтиради? Унинг ҳаётга татбиқ этилиши 2 минг кишининг доимий бандлигини таъминлаш, Қизилўрда вилоятида қишлоқ ва балиқчиликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволини яхшилашга хизмат қилади”, дея қўшимча қилди Молдир Абдуалиева.
Бундан ташқари, унинг маълум қилишича, март ойи охиригача Шимолий Орол денгизига 1,6 миллиард куб метр сув қуйилади.
Қайд этиш жоизки, Шимолий Орол денгизини асраш лойиҳасининг биринчи босқичи амалга оширилиши натижасида денгиздаги сув сатҳи 42 фоизга ошди.