Туркияда ноқонуний мумия савдоси олди олинди

Туркияда ноқонуний мумия савдоси олди олинди

Туркиянинг Ниғде вилояти, Бор тумани ҳудудида ўтказилган махсус операция натижасида ўрта асрларга тегишли мумияни ноқонуний равишда сотмоқчи бўлган 6 киши қўлга олинди.

Маълум қилинишича, Ниғде вилояти жандарм бошқармаси Контрабанда ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими тарихий бойликларни ноқонуний олиб ўтишга оид разведка маълумотларини олган. Ушбу маълумотлар асосида Бор туманидаги Кемерҳисар қишлоғида махсус операция ўтказилган.

Тадбир давомида H.G.ning уйидан Ўрта асрларга мансуб, насроний шахсга тегишли деб тахмин қилинаётган мумия топилган. Гумонланувчи H.G. ва яна беш киши ҳибсга олинган.

Ниғде вилояти губернатори Саҳит Челик ижтимоий тармоқдаги саҳифасида операция ҳақида шундай баёнот берди:

«Жандармерия бўлинмаларига мамлакатимизнинг маданий меросини ҳимоя қилишдаги фидокорона меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирамиз ва муваффақиятли операция билан табриклаймиз. Маданий меросимизни ҳимоя қилиш қатъиятимизни яна бир бор таъкидлаймиз.»

Айни пайтда қўлга олинган шахслар бўйича тергов ишлари Жандарма Бош бошқармасида давом этмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: