Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров хитойлик инвестор Юань Яньпин бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди.
Учрашувда Қувасой шаҳридаги саноат зонасида умумий лойиҳа қиймати 100 млн доллар бўлган, биринчи босқичда 30 млн доллар сарфланиши кўзда тутилган тракторлар ишлаб чиқариш лойиҳасини бошлаш масаласи муҳокама қилинди.
Хитойлик ҳамкорлар билан Фарғона трактор ишлаб чиқариш корхонаси рўйхатдан ўтказилди. Жорий йилнинг якунига қадар “Тулпор” миллий бренди асосида бир нечта русумдаги тракторлар ишлаб чиқарилади. Корхона том қисмига 2 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга қуёш панеллари ўрнатилади ва мустақил ўзини электр билан таъминлайди.
Икки босқичли лойиҳага кўра, биринчи босқичда тракторлар ишлаб чиқарувчи завод қурилади ва кейинги босқичда бутловчи қисмлар тайёрлаш ва техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш мақсадида Smart технологиялардан фойдаланилади. Тракторлар маҳаллий ва хорижий харидорларга етказиб берилади.
Дастлабки босқичда 250 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Дўстларингизга ҳам юборинг: