Қамоқхона камераси ўта совуқ ва зах эди!..
1947 йил. Афён шаҳри қамоқхонаси. Қишнинг изғиринли кунлари. Мамлакатда диндорлар таъқибга олиниб, қамоқларга ташланаётган аянчли кунлар.
Шундай диндорлардан бири Хусрав Олтинбошоқ Афёндаги қамоқхонага олиб кирилди. Олтмишдан ортиқ энг оғир жиноятчилар бўлган камерага қўйилди. Мақсад шу ердаги бирорта маҳбус уни ўлдириб юборса…
У ердаги маҳбусларнинг қамоқ муддатининг энг енгили 50 йил. Хусрав хонага кириб салом берди. Аммо саломга ҳеч ким алик олмади. Бир чеккага бориб жимгина ўтирди. Камера ўта совуқ ва зах эди. Деразаларнинг ойналари уч ммгача яхлаб ётибди. Хусравга ётиш учун тўшак ҳам берилмаган. Маҳбуслар унга эътибор ҳам беришмади….
Уч кун зах ерда ётишга тўғри келди. Аммо, шу уч кун мобайнида намозини канда қилмади. На хонанинг совуғи, нада маҳбусларнинг бадмуомалалари унинг хушуъсига таъсир эта олди.
Тўртинчи куни унинг ёнига афти қўрқинчли, баҳайбат бир маҳбус яқинлашди. У қамоқхонанинг Эфеси, яъни Оғабеги эди.
– Домламисан? – қўполлик билан Хусравга юзланди.
– Домламасман. Лекин намоз ўқийман.
– Савол берсам жавоб берасанми?
– Биладиган нарсам бўлса, жавоб бераман.
– Мен ўн саккизта одамни ёққанман. Ўн бешта одамни ўлдирганман. Ўғирлик қилганман. Ундан бошқа ҳам кўп ёмон ишларни ҳам қилганман. Айтчи менга, шу ҳолимда жаннатга киришим мумкинми? –дағдаға қилди оғабей.
Хусрав одамнинг қўрқинчли юзига қаради.
– Саволингга жавоб бераман. Кел ўтир.
Маҳбус ўтирди.
– Қаерликсан?
– Қораденгизликман.
– Қора денгизни кўрганмисан.
– Албатта кўрганман.
– Ўша денгизга бир томчи сув қўшилса, унинг суви кўпайгани билинадими?
– Табиийки билинмайди.
– Ҳўп. Бир томчи сувидан олинса, камайгани билинадими?
– Бир томчи сув нима бўларди? Албатта билинмайди.
Хусрав жилмайди.
– Аллоҳ таолонинг шундай раҳмат денгизлари бор. Унинг бу раҳмат денгизининг олдида сенинг гуноҳларинг бир томчи сувдек ҳам эмас. Сен гуноҳларингдан астойдил надомат чекиб, тавба қилиб, беш вақт намоз ўқисанг, нафақат жаннатга киришинг, унинг ўртасига жойлашиб, у ерда абадий қолишинг ҳам мумкин.
Маҳбуснинг юзига қон югурди. У нари кетди. Маҳбусларга бақирди:
– Мен шунча гуноҳим билан жаннатга киришим мумкин бўлса, сизлар ўйнаб кулиб кирар экансизлар. Қани тайёргарлик кўринглар…. Ҳаммангиз ғусл ва таҳорат олинглар!
Хонанинг ўртасида сув жўмраги бор эди. Унинг атрофини ўрадилар. Ҳамма маҳбуслар ўша ерда қўрқиб, лекин гўзал ҳолатда ювиниб таҳорат олдилар.
Пешин вақти кирганда, Оғабей Хусравнинг олдига келиб деди:
– Сен бизга имом бўласан. Биз жамоат бўлиб сенга эргашамиз.
Бирга намоз ўқидилар.
Кечқурун ухлашга ётишдан олдин Оға ҳамма тўшакларни устма уст тахлашга буюрди. Ҳамма ҳайрон, лекин ҳеч ким эътироз билдира олмасди. Хусрав сўради:
– Қардошим, нима қилмоқчисан?
– Домла! Сен уч кун ерда ётдинг. Биз сенга жой бермадик. Энди бунинг жазосига биз ҳаммамиз ерда ётамиз, сен эса шу тўшакларда ухлайсан.
– Сиз бу ишни билмай қилдингиз. Мен билиб туриб бундай зулмга рози бўлолмайман. Виждоним йўл қўймайди….
Кунлар ўтди. Кейинчалик намозларни тасбеҳлари билан адо қила бошладилар. Гўзал суҳбатлар қилдилар. Қамоқхона том маънодаги мадрасага айланди.
Бир куни оғабей Хусравнинг олдига келиб деди:
– Агар бу ердан эсон омон чиқадиган бўлсам, қаерда бўлсанг бўл, сени қидириб топаман.
Кўп ўтмай, Хусравнинг айбсизлиги маълум бўлиб, озодликка чиқди. Маҳбуслар кўзларида ёш билан уни кузатиб қўйишди.
Орадан икки йил ўтиб, 1950 йилда мамлакатда умумий катта авф эълон этилди. Барча маҳбуслар озод бўлишиб уйларига, оилалари томон тарқалишди. Бизнинг Эфе эса, ўзи айтганидек, чиқа солиб, Хусравнинг шаҳрига, Афёндан то Испартагача яёв юриб кетди. Улар кўришдилар. Оғанинг кўзларида ёш…
– Аввал оиланг олдига бормадингми?
– Шунча жиноятларга монелик қилмаган оиламгами? «Сен оғасан» деб, ҳар бир жиноятга ташвиқ қилган оиламгами? Асло! Сен менинг ва биродарларимнинг ҳидоятига сабабчи бўлдинг. Аллоҳ сендан рози бўлсин! Агар сен Америкада бўлганингда ҳам валлоҳи, биллоҳи, олдингга борардим…
Аллоҳнинг раҳмат денгизи чегарасиз ва тавба эшиги ҳар доим очиқдир!