Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (54-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (54-қисм)

Фазлиддин уйига қош қорайганда қайтди. Эртароқ кетишига Соли ака қўймади. Чунки уларнинг суҳбати шунчалик қизғин эдики, у Фазлиддинни сира қўйиб юборгиси келмасди.

Орадан икки кун ўтиб, Фазлиддин йўлга чиқди.

Кунлар ниҳоятда шиддатли эди. Унинг билгани сайин билгиси келаверарди. Неча кунларни тушликсиз ўтказди. Неча кунлар ярим тунгача ухламади.

«Даҳшат, — деди ўзига ўзи, — бизга қирқинчи, эллигинчи йилларнинг кашфиётларини ўргатишаркан. Шунда ҳам ҳаммасини эмас. Аммо дунё жуда олдинга кетиб қолибди. Мен унга етиб олишим керак».

Мана шу сўзлар уни янада руҳлантирар ва у баттар китобга муккасидан кетарди. Ҳатто инглиз тилидан сабоқ бераётган одам унинг ўзига шикоят қилди.

— Сен болада инсоф борми? Бир лаҳзагаям ўз ҳолимга қўймайсан. Бу аҳволда мен жинни бўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Одам ҳам тилни шу даражада тез ўзлаштирадими? Мен ҳатто сенинг келишингга кўпроқ тайёргарлик кўряпман. Ҳозир дам оладиган вақтим. Шу дам олишниям иш билан ўтказиб юборяпман.

— Ёрдам қилинг, — деди унга Фазлиддин, — мени тўхтаб қолишимдан сақланг. Ўзингиз айтдингиз, жуда оз қолди, деб. Шу озниям ўтказиб олайлик. Кейин, ўлай агар, умуман безовта қилмайман.

Ўқитувчиси кулади. Айни чоғда ич-ичидан хурсанд бўлади.

Соли ака иккала қизини ҳам яна Тошкентга олиб келгунича у инглиз тилини тўла ўрганиб бўлди. Ҳа, бировга айтса, ишонмайди. Аммо одам истаса, унинг имкониятлари жудаям катта экан. Истаса, жуда кўп нарсаларга жуда қисқа муддатда эришса бўларкан…

Саида ётоқхонага жойлашди. Фазлиддин эса Малоҳатни Хадича опанинг аввал дўконига, кейин уйига беш марта бошлаб борди. Чунки Соли ака уни ҳам бирор ўн кунга қолдириб, ўзи ёлғиз қишлоққа кетган эди. Аслида, ўзи ҳам бир-икки кунга қолиши, Фазлиддин билан бирга келишилгандай, Хонзодахоннинг уйига қўй сўйиб бориши керак эди. Бироқ вақти жуда оз экан. «Ўзи манави иккита қизни олиб келишга зўрға вақт топдим. Бир хаёл поччалари билан жўнатмоқчи бўлдим. Лекин булар кўнмади. Энди бу ёғига ўзинг кўз-қулоқ бўлиб тур, сенга ишонаман», деди. Кейин кетди.

— Қизиқ экан студентлар, — деди Малоҳат улар навбатдаги марта Хадича опаникига бориб қайтишаётганида, — мен уларни умуман китобдан бош кўтаришмаса керак, деб ўйлаб юрардим. Қаёқда, бўянишдан, кўчада айланиб келишдан, йигитлар билан гаплашишдан бўшамас экан. Кейин катта телевизор ҳам бор экан. Сал кеч тушиши билан у ерда ўтиришга жой қолмайди.

— Шунчаки ҳали ўқишлари бошлангани йўқ. Бари қишлоғидан чарчаб келган. Дарслари бошлансин, бош қашишга вақт қолмайди.

— Билмадим, — деди Малоҳат, сўнг Фазлиддинга қараб қўйиб, — ўзингиз қачон яна қишлоққа бормоқчисиз? — дея сўради.

— Билмадим. Йўқ, алдадим. Биламан. Сизни олиб бораман. Шундай деб ваъда берганман.

— Кимга? — дея мийиғида кулиб Фазлиддинга қараб қўйди Малоҳат.

— Отангизга.

— Отамгами?

— Ҳа. Фақат менинг отамгами?

Фазлиддин кулиб юборди. Сўнг бурнини тортиб қўйиб:

— Саида опанинг отаси…

— Саида опамнинг?

— Саида опам. Энди, менимча, нотўғри гапирмадим!

Малоҳат кулганча Фазлиддиннинг елкасига енгилгина уриб қўйди.

Шундай суҳбатли кунлар ҳам тез ўтиб кетди. Кейин Фазлиддин ётоқхонага келиб, Малоҳатни олиб кетди.

Автобусда ёнма-ён ўтиришмади. Жудаям исташди. Лекин ўтиришмади. Атайлабдан Фазлиддин қизни бошқа бир қизнинг ёнига ўтқазиб қўйди. Малоҳат ич-ичидан хафа эди. Бир томондан хурсанд ҳам бўлди.

Қизгина кейинги кунларини тиловат қилиш билан ўтказди. Хадича опа шундай деб тайинлади. «Қуръон ҳар қандай зерикишни, сиқилишни йўқотади. Кунингизга мазмун беради. Кунингиз қандай ўтганини сезмай ҳам қоласиз», деди. Айтганича бор экан. Малоҳат илгаригидай ҳар лаҳзасидан фойдаланишга ҳаракат қиларди-ю, аммо кундузи дам олишни ҳам эсидан чиқармасди.

У тўққизинчи синфга бошқа мактабга борди. Ҳамма ажабланди. «Бу қизнинг томоқ-помоғида касали бўлса керакки, рўмоли билан ёпиб олибди», дейишди. Бошқалар бошқа нарсани айтишди. Ўқитувчилар, комсомол комитети унинг масаласини йиғилишга олиб чиқди. Улар сўраб-суриштириб, қизнинг касали йўқлигини билишганди. «Ё ҳамма қатори дарс пайтида рўмолингни ечиб ўтирасан, ёки мактабдан ҳайдаймиз», дейишди. Шундан сўнг отаси аралашди. Ҳар қалай, бу мактабнинг деярли ҳамма ўқитувчиларини, директорини яхши танир ва улар билан гап-гаштакларда бирга бўларди. Аммо Соли ака уларга ёлғон гапирди. «Тошкентга борганимда, текширтиргандим. Шамоллаши бор экан. Болалигида бир шамоллаганди, шунинг асорати қолибди. Бўлмаса, у шу пайтгача бош яланг эди… Фақат буни ўзи ҳам билмайди. Шунинг учун биров сўраса, «соғломман» деб айтади. Мен ўзим рўмол ўраб юр, деб тайинлаганман. Ҳатто саратонда ҳам худди мана шундай юрди», деди. Унинг гапларига ҳамкасблари ишонишди ва Малоҳатни ўз ҳолига қўйишди.

Йигитчалар эса: «Бу қиз қандай қилиб чемпионни ўзига қаратиб олган экан? Касалмандга ўхшайди», дея ғийбат қилишарди. Ҳа, улар Малоҳат Фазлиддинга тегишли эканини билишарди…

Фазлиддинга ҳам навбатдаги ўқув йилини бошлаб олиш осон бўлмади. Аслида, у тадбирларга анча кўникиб қолганди. Шунинг учун мақтовларни эшитганда, бўшашиб қолмасди. Аммо у вақти кетаётганидан сиқиларди.

Химия ўқитувчиси эса: «Менинг дарсимга келмай қўя қол», деди. Ўзи ёзи билан унга қанча таълим берди! Энди эса тўнини тескари кийиб олган. Сабаби Фазлиддиннинг Лондондан инглиз тилидаги кимё китобларини олиб келгани ва уни ўқиш асносида ўтиладиган дарсликдан анча илгарилаб кетгани эди. «Сенга баҳо керак бўлса, мен қўйиб бераман, хавотир олма», деди ўқитувчиси. Фазлиддин унга ялинди, ёлворди: «Билмайдиганларим кўп, шуларни ўрганай», деди. Аммо ўқитувчиси ундан баттар қайсарликка ўтиб олди. Шунингдек, уни лабораторияга ҳам киритмай қўйди. «Сен бир балони бошлайсан. Менга эса тинчлик керак», деди.

Физика ўқитувчиси (у эркак киши эди) эса, қайтага, Фазлиддинга ёпишиб қолди. «Ўша китобларингни олиб кел, таржима қилайлик. Қани, дунё нима билан шуғулланаётган экан?» деди…

Иккинчи томондан, у ҳар куни машғулотга борарди. Гарчи Бодров ўзини Лондондан олиб қолганликлари учун СССР спорт комитетидан жуда қаттиқ хафа бўлса-да, Фазлиддин билан жиддий шуғулланарди. «Бу сафар ўша грекнинг елкасини ерга теккизасан», дерди.

Шу тариқа кунлар шиддат билан ўтиб кетаверди.

Ўша куни агар Каримбой уни кўриб қолмаганида эди, Фазлиддиннинг ҳаёти тўхтарди. Ҳамма ҳаракатлари, ўқиб ўрганганлари шундай қоларди-кетарди.

Фазлиддин Камол Шоннинг ёнидан қайтаётганди. Вақт алламаҳал эди… Камол Шон «Зафарнома»ни охиригача етказган экан. Китобга тайёр бўлибди қўл ёзмалари. Шунинг шарофатига озгина ширакайф бўлиб олибди. Эсига Фазлиддин тушиб қолибди. Дарров қўнғироқ қилди. «Тез кел!» деди. Лекин нима сабабдан эканлигини айтмади. «Кел», деди ва гўшакни қўйди. Фазлиддин шошиб қолди. «Бирор нима бўлдимикан?» дея ўйлади ва апил-тапил йўлга тушди. Борса, ҳалигидай.

Гап қизигандан-қизиди. Камол Шон тинимсиз гапирди. «Зафарнома»ни деярли тўлиқ айтиб берди. «Аммо баъзи жойлари одамда шубҳа уйғотади. Наҳотки Темурдай ўн ёшга кирмасидан қори бўлган одам Исфаҳонда қатли ом уюштирган бўлса… Худодан қўрқадиган одам асло бундай ишга қўл урмайди. Китобнинг Сейистон, Исфаҳон ва Ҳиндистондаги воқеаларини бошқа манбалардан кўриб чиқиш керак. Аммо худди шу давр ҳақида ёзилган бирор-бир китобни билмайман. «Темур тузуклари»ни кўриб чиқдим. Ёзилмабди. Агар ёзилганида ҳам, ишонмаган бўлардим. Сабаби бундай воқеалар кейинчалик атайин Амир Темур шахсини қора бўёққа белаш учун ўйлаб топилган, дердим. Ахир бобомизнинг душманлари озмунча бўлганми? Агар кам бўлганида эди, Темурнинг вафотидан кейиноқ ҳаммаёқда қирғинбарот бошланиб, мамлакат бўлакларга бўлиниб кетмаган бўларди», деди. «Аммо шу ҳолидаям, «Зафарнома» ёмонмас», дея яна қўшимча қилиб қўйди Камол Шон.

— Агар менга берсангиз, мен ҳам бир сидра бошдан-оёқ ўқиб чиқаман, — дея ундан қўл ёзмани сўради Фазлиддин.

— Ҳозир эмас. Ҳафтанинг охирига. Чунки нусха кўчириш учун типографияга бериб қўйганман. Бир-иккита танишларга. Сабаби, шубҳам бор. Агар уни бирорта нашриётга топширсам, йўқотиб юборишлари мумкин. Ундан кейин мен машғул бўлган иш билан бошқа бир одам ҳам шуғулланаётганини эшитдим. Унинг амали катта. Бирор нимани ўз қўли билан ёзишига гумон бор. Кимгадир беради. Кейин ўша одам унга ҳаммасини ёзиб беради. Агар у менинг аллақачон китобни тайёр қилганимни эшитса, тиш-тирноғи билан қаршилик қилади ёки йўқотиб юборади. Шунинг учун нусха олдиряпман, — деди Камол Шон.

У мана шу гапларини айтаётганида вақт алламаҳалдан ошганди. Хотини охирги марта чой дамлаб келганида, Фазлиддинга ғалати қараш қилиб кетди. Шундан Фазлиддин билдики, дарров кетиши керак.

У узр-маъзурини айтди. Камол Шон кетишига рухсат бермади. Шундай эса-да, Фазлиддин қайсарлик қилиб, «кетаман» деганча оёғини тираб олди…

Ташқарида майин шабада эсарди. Йўлда онда-сонда битта машина ўтарди. Шаҳар автобусларининг ҳаммаси аллақачон тўхтаганди. Ҳатто такси ҳам анқонинг уруғига айланган бир пайт эди.

Фазлиддин пиёда кетишга қарор қилди. Тез юрса, бир соат ичида бемалол уйига етиб олади.

У мана шундай хаёлда олди-орқасига қарамай кетаётганида, ёнгинасига оқ рангли «Волга 24» чийиллаб тормоз берганча тўхтади. Ундан бирдан тўрт киши тушди. Улардан биттасининг қўлида тўппонча бор эди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: