Рим-католик черковида янги раҳбар сайлови яқинлашмоқда

Рим-католик черкови раҳбарининг навбатдаги сайлови – Конклав 5 майдан бошланиши мумкин. Бу сана Кардиналлар жамоаси томонидан муқаддас маросимлар тақвими асосида белгиланди, аммо якуний қарор 26 апрель куни бўлиб ўтадиган дафн маросимидан сўнг тасдиқланади.
Хабарларга кўра, Рим папаси Френсис вафотидан сўнг 4 майга қадар новендиал – тўққиз кунлик мотам эълон қилинади. Мотам маросимлари Авлиё Пётр базиликасида бўлиб ўтади. Френсис 21 апрель куни инсультдан кейин кома ҳолатида вафот этган. Дафн маросими 26 апрель куни, васиятига кўра, Санта Мария Маггиоре базиликасида ўтказилади. Унинг ватани-Аргентинада бир ҳафталик мотам эълон қилинди.
Ҳозирда бўш қолган Апостол Тахти давридаги муҳим қарорларни ҳал қилаётган жамоада 103 нафар кардинал иштирок этмоқда. Кардиналлар коллежи таркибида жами 252 кардинал бўлиб, улардан 135 нафари конклавда овоз бериш ҳуқуқига эга. Уларнинг ҳар бири папа тахтига даъвогар бўлиши мумкин.
Янги Папа Систине капелласида ҳар куни ўтказиладиган тўртта яширин овоз бериш орқали сайланади. Ғолиб бўлиши учун овозларнинг учдан икки қисмини қўлга киритиш талаб этилади. Сайлов якунлангач, натижа авлиё Пётр майдонида оқ тутун орқали эълон қилинади.