Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди

Меҳнат ярмаркасида университетнинг асосий буюртмачи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда 300 дан ортиқ бошқа корхона ва ташкилотлар (тижорат банклари, суғурта компаниялари, хусусий сектор ташкилотлари, уюшмалар) иштирок этди.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад – Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ва университетни тамомлаётган ёш мутахассислар билан корхона, ташкилотлар вакилларининг жонли мулоқотини ташкил этиш, мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериш ва талабаларнинг бандлигини таъминлашдан иборат.
2023-2024 ўқув йилида Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган битирувчиларнинг 96,5% нинг бандлиги таъминлаган. Жорий ўқув йилида институтни 10000 га яқин битирувчи тамомлайди. Мазкур битирувчиларни иш ўринларига тақсимоти тўлиқ амалга оширилган бўлиб, ҳозирги кунда 3-курс талабаларини иш ўринларига тақсимлаш ишлари амалга оширилмоқда.
“Карьера куни” меҳнат ярмакасида университетнинг 10000 га яқин талабалари иштирок этди.
Тадбирда иш берувчи корхона ва ташкилотлар масъул ҳодимлари ўз фаолиятини ёритувчи кўргазмали жиҳозлар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан қатнашди ва талабалар билан ишга қабул қилиш бўйича танловлар ўтказди. Мазкур танловларда мувафаққиятли ўтган 215 нафар талабага Ташкилотларнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисида Сертификатлари тақдим этилди. Бундан ташқари танловларнинг биринчи босқичида иштирок этган 5000 нафар талабаларнинг маълумотномалари (объективкалари) иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари томонидан ўрганиш учун олиниб, натижалари тўғрисида маълумот бериши такидланди. Мазкур тадбирда талабалар ва университет битирувчилари ишга жойлашиш борасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топишди, хусусан, иш берувчи корхона ёки ташкилотдаги мавжуд вакант ўринлар, у ердаги меҳнат ва маиший-маданий шарт-шароитлар, иш ҳақи миқдорлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконияти эга бўлишди.
Ўз навбатида тадбирда қатнашган корхона ва ташкилотлар ҳам талабалар билан бевосита суҳбат ўтказиш, ўзларига зарур бўлган кадрларни ишга танлаб олиш ва ўзаро манфаатли шартномалар ва келишувлар расмийлаштириш имкониятига эга бўлишди.