Россияда ноқулай об-ҳаво электр тармоқларини ишдан чиқарди

Москва вилоятида май ойи учун ғайритабиий бўлган нам қор ва кучли шамол билан кечган қор циклони электр таъминотида жиддий узилишларга олиб келди.
Вилоят губернатори Андрей Воробёвнинг сўзларига кўра, 2 май куни кечаси кучли музлама ва дарахтларнинг қулаши натижасида 237 та электр узатиш линияси ва 4,4 минг трансформатор подстанцияси ишдан чиққан. Бу ҳолат тахминан 26 минг нафар аҳолига таъсир кўрсатган.
Энг оғир вазият шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларда, хусусан Талдом, Дмитров ва Сергиев Посад туманларида кузатилган.
Дмитровда 47 та аҳоли пункти ва 21 та қозонхона электрсиз қолган.
Сергиев Посадда эса 46 та аҳоли манзили ва 11 та қозонхонада электр таъминоти тўхтаган.
Бундан ташқари, об-ҳаво туфайли Москва темир йўлининг Рига ва Савелово йўналишларида электр поездлари ҳаракати кечикмоқда. Йўловчилар учун компенсацион автобуслар йўлга қўйилган.
Ҳозирда 200 дан ортиқ авария бригадалари, жумладан, коммунал хизматлар ва ФВВ ходимлари фалокат оқибатларини бартараф этиш, автомобиль ва темир йўлларни тозалаш ишларига сафарбар этилган.