Икки ўйинчи 500 минга «ўтирди»!..

Икки ўйинчи 500 минга «ўтирди»!..

Бирлашган Араб Амирликлари футбол ассоциацияси икки футболчини терма жамоа сафидан четлатди ва уларнинг ҳар бирига 500 минг дирҳам (тахминан 136 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима солди. Бу ҳақда кеча, 8 июнь куни БАА футбол ассоциацияси расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, 21 ёшли Султон Одил (“Шабаб Ал-Аҳли”) ва 28 ёшли Холид Иброҳим (“Шаржа”) терма жамоанинг машғулот йиғини вақтида номақбул хатти-ҳаракат содир этгани учун жазога тортилган. Улар, шунингдек, миллий мусобақалардан беш ўйинга дисквалификация қилинган.
“БАА футбол ассоциацияси интизом қўмитаси “Шаржа” жамоаси футболчиси Холид Иброҳимни ва “Шабаб Ал-Аҳли” жамоаси футболчиси Султон Одилни маҳаллий мусобақалардан беш ўйинга четлатиш ҳамда ҳар бирига 500 минг дирҳам миқдорида жарима солиш қарорини қабул қилди”, дейилади баёнотда.
Футболчиларнинг аниқ қандай қоидаларни бузгани ошкор этилмаган.
Маълумот учун, БАА терма жамоаси 2026-йилги Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичида ўз гуруҳида дастлабки икки ўриндан жой ололмади ва энди тўртинчи босқичда қатнашади. Улар жорий йилнинг 5 июнь куни Абу-Дабида Ўзбекистон МТЖга қарши дуранг натижани қайт этди ва шу тариқа ушбу гуруҳдан Жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланмани Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари қўлга киритди.
БАА терма жамоаси навбатдаги учрашувини эртага, 10 июнь куни Бишкекда Қирғизистонга қарши ўтказади.
Дўстларингизга ҳам юборинг: