«Қиёмат куни» самолёти Вашингтонда!..

Американинг “Қиёмат куни” деб ном олган Boeing E-4 Nightwatch самолёти Луизиана штатидаги ҳарбий базадан ҳавога кўтарилиб, Вашингтон яқинидаги авиабазага қўнди. Бу ҳақда “New York Post” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, ушбу махсус борт АҚШ раҳбарияти учун фавқулодда вазиятларда мамлакатни бошқариш имконини берувчи ҳаво қўмондонлик маркази вазифасини бажаради. У ядровий зарбага бардош бера олади ва энг юқори лавозимдаги амалдорлар учун захира бошқарув пункти сифатида мўлжалланган.
“Самолёт Шарқий вақт бўйича соат 17:56 да Божер-Ситидан ҳавога кўтарилди, қирғоқ бўйлаб парвоз қилиб, Вирджния ва Шимолий Каролина чегараси атрофида айлана чизди ва соат 22:01 да Эндрюс авиабазасига қўнди”, дейилади хабарда.
Худди шундай самолёт АҚШнинг 43-президенти Жорж Буш томонидан 2001 йил 11 сентябрдаги террор ҳужумлари вақтида ишлатилган. Ушбу ҳаво кемаси ядро уруши бошланиши эҳтимолига қарши махсус ишлаб чиқилган. Айни пайтда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёрида шундай тўртта самолёт мавжуд. Улар йил давомида мунтазам парвозлар амалга ошириб, ҳарбий тайёргарликни доимий равишда сақлаб туради.
Ҳар бир E-4B самолёти максимал 112 кишилик экипажни қабул қила олади ва 11 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтиш имкониятига эга. Бу самолётларнинг АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари учун нақадар муҳимлигини уларнинг ягона ва бошқа ҳеч қандай АҚШ ҳарбий самолётида такрорланмайдиган имкониятлар билан жиҳозлангани яққол кўрсатади.
Улар ядро портлаши, киберҳужумлар ва электромагнит импулслар таъсирига бардош бера олади, жавоб ракеталарини учириш имконияти билан жиҳозланган. Самолётда ядро ва иссиқликдан ҳимояловчи қоплама мавжуд бўлиб, унинг 67 та сунъий йўлдош антеннаси ва алоқа қурилмалари дунёнинг исталган нуқтаси билан узлуксиз алоқа қилиш имконини беради.
Самолёт бир ҳафта давомида қўнмасдан парвоз қилишга ва ҳаво орқали ёнилғи билан тўлдирилишга мўлжалланган.