Зарарсиз кўринган газаклар аслида мияни “синдириши” мумкин

Зарарсиз кўринган газаклар аслида мияни “синдириши” мумкин

Немис олимлари инсон саломатлиги учун хавфли бўлган яна бир фактни аниқлашди: атиги 5 кун давомида зарарли газаклар истеъмоли мияда инсулинга сезгирликнинг пасайишига олиб келади. Бу эса диабет, семириш ва когнитив бузилишлар каби жиддий касалликлар хавфини оширади.

Маълум қилинишича, ушбу тадқиқот натижалари россиялик эндокринолог ва тиббиёт фанлари доктори Зуҳра Павлова томонидан ҳам тасдиқланган. Унга кўра, нотўғри овқатланиш миянинг инсулин ва глюкозага бўлган жавобини ўзгартириб, узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келади.

“Инсулин резистентлиги — бу нафақат диабет ва семириш, балки хотира, диққат, фикрлаш ва ҳатто нутқ функцияларининг пасайишига олиб келади”, — дейди шифокор.

Шунингдек, Павлова соғлом одатлар ҳақидаги тавсияларни ҳам эслатиб ўтди: “Газаклардан иложи борича бутунлай воз кечиш керак”.

Фақат узоқ танаффус (5 соатдан ортиқ) бўлганда енгил газакларга рухсат берилади — бу ҳолатда оқсил ва углевод комбинацияси тавсия этилади: масалан, банан ва йогурт, ёки олма ва пишлоқ бўлаги.

Фақат мева истеъмол қилиш иштаҳани кучайтириб юбориши мумкин.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, доимий равишда юқори углеводли маҳсулотлар истеъмоли инсулиннинг сурункали кўтарилишига олиб келади. Бу эса вақт ўтиши билан рецепторлар сезгирлигининг пасайишига сабаб бўлади ва мия ҳужайраларида дегенератив жараёнларни бошлаши мумкин. Баъзи олимлар бундай асоратларни ҳатто “учинчи турдаги диабет” – Альтсгеймер касаллиги деб аташмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: