Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (17-қисм)

Бодомгул чин кўнгилдан жанжал қилмоқчи бўлганди. Қараса, ўхшамаскан. Қараса, энг катта зулмкор қайнопаси Мафтуна томонда. Мафтунанинг дардига шерик бўлиб турибди. Бундай пайтда Мафтунага қарши нимадир қилиш ўзига ўлим тилашдай бир гап. «Лўли, шайтон! Яна силлиққина чиқиб кетдинг-а! Ҳали шошмай тур, барибир, бир кунмас-бир кун мисинг чиқади. Ана шунда мен сени шундай шарманда қилайки, бу хонадонга келин бўлиб тушганингга пушаймон еб, қочиб кетасан», дея кўнглидан ўтказди. Аммо Мафтунанинг кейинги гаплари уни ҳам қизиқтириб қўйди… Бундай олиб қараганда, хотин-халажнинг ҳаммасининг кўзи Мафтунанинг оғзида эди. Ҳамманинг ичидан бир нима ўтарди. Ҳамма: «Фолбин айтган бўлса, бундан чиқди, Зоир ўларкан. Лекин ундан кейин-чи, ундан кейин навбат кимга?» деб ўйлар эди.

Шу пайт касалхонадан қўнғироқ бўлди. Арслон қилаётган экан. Унинг қўнғироғидан ҳамманинг юраги ёрилаёзди.

— Актам қаерда?! — деб бақирди телефонини ёққан Гулбаҳор опасига.

— Бунча бақирасан?! Нима бўлди, Зоир яхшими?!

— Тез Актамга телефонни беринг. Керак пайтда уни ернинг тагидан ҳам топиб бўлмайди! — дея яна бақирди Арслон опасининг сўроғига жавоб бермай.

— Мен сендан сўраяпман, Зоир қандай?! — деб Гулбаҳор ҳам бақириб юборди.

— У ҳалиям ўша аҳволда. Ўкириб ётибди. Бошқа ҳеч нарса эмас! Актамни чақиринг.

Актам шўрлик уйга кириб, эндигина кўрпачага чўзилган эди. Хотини отилиб кириб келди.

— Хўжайин! Хўжайин, укангизга бир гап бўлганга ўхшайди! Акангиз сўраяпти сизни! — деди фаросати гуллаб-яшнаган Бодомгул.

Актам сакраб турди. Шоша-пиша телефонни олиб, қулоғига тутди.

— Керак пайтда гўрга кириб кетгандай сени топиб бўлмайди! — дея аввал заҳрини сочди Арслон.

— Телефонимнинг қуввати тугаб қолибди. Нима гап?! — деб сўради Актам юраги така-пука бўлиб.

— Менга қара, Актам, дорилар фойда бермаяпти. Дўхтир менга: «Бирорта муллани олиб келиб ўқитиб юборинглар», деди. Шунга сен тезда оёғингни қўлингга олиб Сайфулла эшонникига бор. Уни олгин-да, бу ёққа учиб кел!..

— Ҳасанни жўнатсам бўлмайдими?!

— Балони жўнат! Баттарни жўнат! Сен ифлослар мана шундай пайтда ўзларингни тарозига солинглар-да. Мана шундай пайтда ўзларингнинг борликларингни, керакли одамликларингни билдириб қолинглар-да! Мен сенга «ўзинг уч», дедим!

— Ҳа, хўп! — дея зарда билан жавоб қайтарди Актам.

У шошганча машинасига ўтирди. Аёлларга ҳеч қанақа ҳисобот бермади. Биргина: «Акам «тез кел!» деб айтди», деди… Мафтунанинг юраги ёрилди. «Энди нима қиламан!» дея уввос солди. Қолганлар уни тинчлантириш билан овора бўлишди. Актам машинани тез ҳайдади. Қишлоқ йўлида, сал бўлмаса, саккизта товуқ ва битта итни уриб кетай деди. Яна қишлоқ одамларидан сўкиш ҳам эшитди. Ахир қишлоқда ҳеч ким бунақа тезликда машина ҳайдамайди-да.

У кўз очиб юмгунча Сайфулла эшоннинг уйига етди. Эшон одатдагидай томорқасида ишлаётганди. Актам дарвозадан туриб уни чақирди. Агар бошқа одамнинг уйи бўлганида, сўроқсиз кирар, ўша одамнинг ёнига югуриб борарди. Бироқ, барибир, эшоннинг салобати босади.

— Эшон бобо! Эшон бобо! — дея ҳовлиқиб бақирди у.

— Ҳов! — деб жавоб қайтарди Сайфулла мулла.

— Сизга бир иш билан келгандим!

— Ҳозир бораман.

Эшон кетмонни ерга ташлади ва қўлларидаги тупроқни қоққанча хотиржам юриб, Актамнинг ёнига келди. Дарров таниди. Таниган заҳоти юзида табассум пайдо бўлди. Сўнг Актамнинг саломига алик олиб, қўл бериб кўришди.

— Укамнинг мазаси йўқ. Касалхонада ётибди, — деди Актам йиғламоқдан бери бўлиб.

Бирдан Сайфулла эшоннинг юраги шув этди. «Наҳотки Иброҳим бўлса?» деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди.

— Қайси уканг? — деб сўради у шошиб.

— Зоир. Ана-мана дегунча битта қўли билан битта оёғи ишламай қолди. Укол-дорилар фойда бермаяпти. Дўхтирлар: «Битта муллани олиб келиб ўқитинглар», дейишибди. Шунга сизнинг ёнингизга келгандим.

— Иброҳим-чи? Уканг бор-ку, ўқишни билади-ку, нега уни олиб бормадинг?

— Энди, эшон бобо, отамнинг сизга ихлоси бўлакча эди. Кейин Иброҳим анча ёш…

— Ҳимм, бундай қиламиз. Мен кийимларимни алмаштириб олай. Унгача сен қишлоғингга қайтиб, уканг Иброҳимни олиб кел. Бирга борамиз.

— Уни олиб келишим шартми?

— Шарт. Бўлмаса, мен ҳам бормайман.

— Хўп, — деди Актам оғриниб ва ортига бурилди.

Сайфулла эшон ростакамига шогирдини соғинган эди. Яна безовта бўлиб юрганди. Нимадир камдай эди. Шунинг учун ҳам ҳозир «Иброҳимни олиб кел», деди.

Актам машинага ўтириши билан хотинига қўнғироқ қилди. Хотини айнан унинг қўнғироғини кутаётгандай дарров уланди.

— Менга қара…

— Зоир яхшимикан? — деди Бодомгул Актам ҳали гапини охирига етказмасдан.

— Мен қаердан биламан, ҳали боролмаган бўлсам?! Онангни эмгур, гапиртирганиям қўймайсан! Калтафаҳм, бефаросат! Иброҳимни топ! Ювинтириб, кийимларини алмаштириб тур! Мен борганимда тайёр бўлсин!..

Унинг сўзларини атрофидагилар ҳам эшитаётган эди. Ҳаммасининг кўзи олайди. Йиғлайверганидан ўпкаси шишган Мафтунанинг ранги оқарди.

— Нима гап? — деб сўради Гулбаҳор.

— Билмайман, — дея Бодомгул лабини буриб қўйди. Сўнг: — Иброҳимни кийинтириб турарканман, — деди.

— Нимага Иброҳимни кийинтирасан?! — деб сўради жаҳли чиққан Гулбаҳор.

— Укангиз шундай деди.

— Уфф! Булар мени пичоқсиз сўйиб ташлашди. Бир-биридан сирли. Зоирнинг касалига Иброҳимнинг нима алоқаси бор экан? Иброҳимни судрагунча укасининг ёнига бормайдими?! Арслон бекорга чақирмаётгандир!..

— Опа, мен қаердан билай?! Эшитганларимни сизга айтяпман.

— Келсин, ўзим гаплашаман. Унгача, бор, айтганини қилиб тур. Ўзи Иброҳим қайси гўрда юрибди? Куни билан уни кўрмадим.

— Томорқада, — деди Мафтуна паст овозда.

— Бор! — дея буюрди Гулбаҳор Бодомгулга. — Қоққан қозиққа ўхшаб тураверма. Ҳозир Актам келса, сўкади!..

Бодомгул югуриб кетди. Иброҳим сайисхонада эди. Эшакнинг қурт-қурт этказиб емиш еяётганини томоша қилаётганди. Ҳаваси келаётганди. «Эшакка маза! Нима бўлса, еб кетаверади. Дарров қорни ҳам тўяди. Мен бўлсам, ундай ўт еёлмайман. Ана, томорқада помидор пишган. Бодринг бор. Ҳатто қовун ҳам бор. Лекин ейишга қўрқаман. Агар еяётганимни акаларимдан бирортаси кўриб қолса, уради…»

— Иброҳ-и-и-и-м!!!

У чўчиб тушди ва дик этиб ўрнидан турди.

— Ҳа, — деди қўрқа-писа.

— Нима қилиб сайисхонада ўтирибсан?! Бу ёққа кел!

— Хўп.

У итоаткорлик билан янгасининг ёнига югуриб борди.

— Бошқа кийимларинг борми?

— Ҳа, эй, йўқ. У кийимларим кир бўлиб ётибди. Отамнинг хонасида эди.

— Мен кийим-пийим топарман. Сен тез бориб ювин. Актам аканг келяпти, сени олиб кетаркан.

— Хўп.

Ҳовлидаги хотин-халажнинг ҳаммаси Иброҳимга ўқрайиб қаради. Бодомгул эса уларга Иброҳимнинг кийими йўқлигини айтди. «Уст-боши чанг, шу туришда касалхонага борадими?» деди қўшимча қилиб.

— Ҳеч бало қилмайди, — деди унга жавобан Гулбаҳор, — яхшилаб устини қоқиб ташланглар, бинойидек бўлади. Кейин унга тўғри келадиган кийимнинг ўзи йўқ.

— Мафтуна бериб турсин. Боласи Иброҳимдан икки ёш катта. Лекин Иброҳимнинг бўйи узун, тўғри келади.

Мафтуна шу гапларни эшитиши билан афтини бужмайтириб овсинига қаради.

— Боламнинг кийимини келиб-келиб шунга бераманми? Ундан кейин бошқа жойи тўғри келгани билан қўли тўғри келмайди. Маймунчанинг қўллари узун…

Ҳақорат Иброҳимнинг опаларига зиғирча ҳам таъсир қилмади. Агар Соҳибни шундай дейишганида, келин жониворни гўрдан олиб гўрга тиқишарди. Иброҳимни эса ўзларининг жинлари суймайди. Иложи бўлса, бир жойларга олиб бориб ташлаб келишса…

Актам етиб келди. Укасига бошдан-оёқ қараб чиқди.

— Бу сенларга нима қилиб беради? — деб сўради Гулбаҳор.

— Эй, менга кераги йўқ. Анави эшонни олиб кетишим керак эди, у Иброҳимни олиб кел, деди.

Аёллар орасида яна битта савол пайдо бўлди. «Эшон касалхонада нима қилиб беради?» Гулбаҳор одам ўлим билан олишиб ётганида, мулла ўқиб турса, унинг жони осонроқ чиқади, деган гапни кўп эшитганди. Ана шу гап кўнглига келди. «Наҳотки укам ўлаётган бўлса?» дея ўйлади. Кўзи ёшга тўлди.

— Мен бораман, — деди бирдан Мафтуна, — эримнинг ёнида тураман.

— Эй, сенга нима бор? — деди бирдан Фотима. — Агар керак бўлганингда, акам сени олиб кетарди. Чарчадинг, уйга кириб озроқ ёт.

— Фотима опа, агар ўзингизнинг эрингиз шу аҳволга тушганида, уйга кириб ёта олармидингиз? — деб сўради кўзидан ёшини дув-дув оқизган Мафтуна.

— Зоир менинг укам. Оғзингдан ҳар бало-бир бало гап чиқавермасин. Сабр қилиб тур. Яхши бўлиб кетади.

Улар баҳслашишни бошлашаркан, Актамнинг машинаси юриб кетди.

Иброҳим устозини кўриши билан машинадан тушмоқчи эди, лекин Сайфулла эшон қўймади.

— Тушма, тушма, мен чиқаман, — деди эшикни очган Иброҳимга, сўнг ўзи унинг ёнига ўтирди ва шогирдини қучиб, пешонасидан ўпди.

— Эшон бобо, сиз олдинга ўтирганингизда бўларди, — деди унга Актам.

— Иброҳим билан гаплашиб кетаверамиз. Сен ҳайдайвер.

Худди шу пайт Иброҳимнинг қорни ғулдуради. Буни ҳатто эшон ҳам эшитди. Ажабланиб шогирдига қаради. Иброҳим эса худди айб иш қилиб қўйгандай бошини эгди. Сайфулла эшон эса унинг қорни нега ғулдурагани сабабини биларди, аммо ҳозир бир нима дейишни лозим топмади. Шу билан бирга, ич-ичидан эзилди. Хўш, бола нега оч юрибди? Шунча акаси, опалари, янгалари бўлса. Нега у оч юриши керак?

Касалхонага етиб, ҳамма машинадан тушганидан кейин Сайфулла эшон Актамнинг қўлидан ушлаб сал нарига тортди ва унинг қулоғига пичирлади:

— Тўрт сих яхши пишган кабоб олиб кел. Устида битта нони ҳам бўлсин. Кейин ичимлик ҳам олишни унутма.

Актам ҳайрон бўлди. «Эшон сал ҳаддидан ошдими?» дея кўнглидан ўтказди. Бироқ ҳеч нима демади. Ахир ҳозир унинг иши тушиб турибди. Бундай пайтда эшоннинг айтгани — айтган, дегани — деган.

Зоирнинг мадори қолмаганди. Чарчаганди. Оғриқ ошган, аммо унинг йиғлашга, дод-вой солишга кучи йўқ эди. Дўхтирлар ҳайрон, Арслон эса ўзини қўярга жой тополмаётганди. Актам касалхонага етгунича бирор ўн марта қўнғироқ қилди. Ҳар сафар уни уришди. Сўкди.

— Мулла бобо, — деди у Сайфулла эшонни кўриши билан, — хайрият, етиб келдингиз. Тоза бўларимиз бўлганди. Ҳеч нимадан умид қолмаганди. Худога шукур, келдингиз.

— Дардини берган шифосини ҳам беради. Кўрмагандай бўлиб кетади, Худо хоҳласа.

— Битта ўқиб қўйинг, мулла бобо.

— Уканг ўқиб қўяди, мен дуо қиламан.

— Лекин…

— Ўқийди.

— Ҳа, хўп.

— Бор, Иброҳимжон, акангнинг ёнига ўтир. Қўлингни оғриқ устига қўйиб, қироат қил, — деб буюрди Сайфулла эшон шогирдига.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: