Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (22-қисм)

Лекин уйига етганидан кейин тушолмади. Машинани ўчирди-ю, рулга бошини қўйганча ухлаб қолди. Уни хотини келиб уйғотди. Шанғиллаб, бақир-чақир қилиб уйғотди.
— Шуми энди?! Шуми менинг сизга ишонганим?! Мен итдай ишлаб келсам-у, сиз бу ерда маишатингизни қилиб юрибсизми?! Бола-чақам бор демайсизми?! Шўринг қурғурлар қуруқ нон еб ўтиришибди! Ўласизми, кайфу сафо қилгунча, шуларга иккитагина картошка қовуриб берсангиз?!
Ҳасан зўрға кўзини очди. Қуруқлашган лабларини ялади.
— Кел… Келдингми? Ҳа, ҳа, ҳа…
У бошқа сўз айтолмади. Бошини яна рулга қўйди. Ана ундан кейин хотин жонивор уни силталашга тушиб кетди. Ҳар қалай, далада ишлаб юрган аёл: қўллари чайир, кучи бор. Озғингина эрини бирпасда ерга тушириб, елкасига опичлаб олди-да, уйга киргизди. Жой солмади, гиламнинг устига ётқизиб ташлади. Шунда Ҳасан ғўлдиради:
— Мен… мен аламимдан ичдим… Ичдим аламимдан…
— Ўзи аҳволинг мана бу бўлса, аламга бало борми? — деди хотини ғижиниб ва чиқиб кетди.
Эри ҳар куни унинг келишига овқат тайёрлаб турарди. Болаларни ювинтириб, овқатлантириб қўярди. Бугун шундай бўлмади. Келса, учала боласи ҳам ҳовлида ўтирибди қаттиқ нонни чайнаб, ютолмаса устидан сув ичиб.
— Нега бундай ўтирибсанлар? — деб сўради ҳайрон бўлган аёл.
— Дадам бизни шундай ташлаб кетди. Келди, ҳаммамизни уришди, кейин ўзи кетди, — деди шу заҳоти Нормурод.
Ана шундан кейин аёлнинг асаби қўзиди. «Келсин, тавбасига таянтираман!» деди тишларини ғижирлатиб.
Мана, эри келди. Аммо у ниятига етолмади. Чунки Ҳасан ғирт маст эди.
Эртасига Ҳасан ҳаммадан олдин уйғонди. Уйғонмасинми? Қорни бураб оғриб турибди. Боши отилиб кетгудай лўқиллаяпти. Яна шу ҳолига роса чанқаган.
Борди, ишини битирди. Бошидан сув қуйди, шу билан бирга ютоқиб ичди. Сўнг ҳовлида айланиб юрди. Чунки юраги гупиллаётганди. Кеча нималар бўлганини эслашга уриниб кўрди, бироқ кабоб пиширганидан нариёғи ёдига тушмади. Яна у машинани ким ҳайдаб келганини ҳам билмасди. «Ёмон кўп бўлиб кетибди, — дея ўйлади у. — Шу кейинги олиб келинганлари қўлбола экан-да. Бўлмаса, бундай безовта қилмасди. Олдинги иккитаси, билмайман, қандай бўлган… Лекин томоқдан юмшоқ ўтганди. Кейингиларини бекор қўшдик-да…»
Хотини бугун ишга кетмабди. «Кеча чарчаган бўлса керак. Шу бечораям қийналди. Ана, Ҳусаннинг хотини бир жойга чиқмайди. Чунки Ҳусан Россиядан жарақ-жарақ жўнатиб турибди. Келиннинг бўлса, бозорга боришдан бошқа ташвиши йўқ… Ана, мен ҳам чипта олдим. Ҳусан менга иш тайёрлаб турибди. Шундай кетаман-у, эй… Кеча мен акам билан бирга Иброҳимни олиб келишим керак эди-ку. Шунинг учун акамникига боргандим. Кейин… Йўқ, акам бормасди. Боролмасди. Аммо бугун ҳам бормаса керак. У ҳам ҳозир менинг аҳволимда бўлса керак. Лекин уни боришга кўндиришим шарт…» Шундай хаёллар сурган Ҳасан яна чанқаганини ҳис этди.
У сув ичаётганида ичкаридан хотини чиқди.
— Ҳа, ўлиб қолай деяпсизми?! Ёмон чанқадингизми? — дея кесатди хотини ҳали юзини ҳам ювмай туриб.
Ҳасан жавоб қайтармади. Сув ичишда давом этди. Хотини эса унинг ёнидан қовоқларини уйиб ўтиб кетди… Салдан кейин қайтиб келди. Юзини ювгач, дийдиёсини бошлади.
— Ҳеч балони сизга ишониб ташлаб кетиб бўлмаскан. Шу учта норасидани ўйламасдан, бориб молдай ичиб келдингиз-а!..
— Мол ичмайди, — дея ғўлдиради Ҳасан.
— Ҳа, мол ичмайди. Шу ичкиликнинг қанчалик расво эканлигини билади-да. Лекин сиз чўчқага ўхшаб дуч келган нарсани ютиб кетаверасиз…
— Бўлди, бўлди, ўзи бошим отилиб кетгудай бўляпти.
— Нимага «бўлди» бўларкан? Кеча болаларингиз нима аҳволда ўтиришганини бир кўрганингизда эди…
— Мен атайлабдан ичганим йўқ…
— Биламан. Аламингиздан ичгансиз!..
— Уям бор. Лекин…
— Нима лекин?!
— Шанғиллама! Қўни-қўшни эшитса, нима дейди?
— Улар ҳам билиб қўйишсин кимлигингизни!
— Менга қара, ҳар куни ичиб келаётганим йўқ-ку. Шу кеча бир бўлиб қолди. Шунга шунчами?!
— Аммо шу бирдаям роса бопладингиз-да. Қандай келганингизни биласизми?!
— Йўқ.
— Ана шу-да. Мошинани бир жойга олиб бориб урганингизда нима бўларди?
— Ҳимм, уфф! Майли, бўлар иш бўлди. Бугун бормайсанми ишга?
— Бормайман. Ўлайинми энди?! Эшакдай ишлаб келсам, яна уйга келиб овқат қилсам, идишларни ювсам… Сигир ҳам соғилмай қолган экан…
— Соғдингми?!
— Қандай соғаман?! Менда жон қолибдими?! Боласи соғди…
— Мен Россияга кетяпман.
— Муборак бўлсин, шуни ювдингизми?!
— Йўқ, унимас. Бошқа иш қилмоқчийдим. Менга қара, сен битта аччиқ чой дамла…
Ҳасан шундай деб ҳожатхонага кетди. Ахир озмунча сув ичиб қўйдими?! Бориб тўкиб келиши керак…
Россия деган бир оғиз калом аёлни анча шаштидан туширган эди. «Худога шукур, мен ҳам Юлдуз сатангга ўхшаб бозорма-бозор юрарканман», дея кўнглидан ўтказишга ҳам улгурган эди.
У дарров чой дамлади. Дастурхон ёзди. Ўзиям идишининг тагида қолган эски қаҳва бор экан, шуни дамлади. Эри пиёлага қўл чўзганида, унга чашка узатди.
— Аввал манавини ичинг, босади, — деди.
Шу гапдан Ҳасан билдики, хотини ҳовуридан тушибди. Чашкани дарров олди. Қаҳвадан икки марта ҳўплади. Сўнг:
— Ўзи сенга бир енгиллик қилмоқчи бўлгандим, — дея бурнини тортиб қўйди.
— Қандай енгиллик? — деб сўради хотини ва эрининг орқасига суйкалиб ўтиб ёнига ўтирди.
Эрнинг хаёли бузилди. Аммо ҳозир унинг имкони йўқ. Чунки кечаги ичкилик ҳаммаёқни расво қилган.
— Кеча Иброҳимни кўргандим, — деди Ҳасан қаҳвадан яна бир марта ҳўпларкан.
— Иброҳимни?!
— Ҳа. Ҳозир у анави ёқда-ку, оти нимайди, эшонникида.
— Биламан.
— Иброҳим катта бола бўлиб қолибди. Ўзи Нормуроддан кичкина. Менимча, икки ёш кичкина бўлса керак.
— Хўш?
— Яшик кўтариб юрибди. Яшик бирор ўн килоча келади. Эшон уни роса ишлатаётганга ўхшайди.
— У эшон. Бир нарсани билмаса қилмайди. Сизлар бўлсангиз, тайёр ишчини бериб юбордингиз.
— Мен бермадим, акам берган. Хуллас, мен уни уйга олиб келаман, деб олдин Арслон акамникига боргандим. Ҳар қалай, у катта. Унинг гапи ўтади. Лекин борсам, акам улфатлари билан ўтиришган экан. Шашлик қилишиб. Ана шу пайт менга алам қилиб кетди. Нега мен ўтиролмайман, дедим.
— Акангиз электросетда ишлайди. Унга ҳар куни тушум бор. У шашлик қилмай, сиз қиласизми?
— Ана шуниси алам қилди-да. Яна уларнинг дастурхонларида ҳамма нарса бор. Акам гап қилаётган экан. Кейин кўп бўлиб кетибди-да…
— Акангизнинг бир эмас, иккита бўйи етган ўғли бор. Иккаласиям мошина ҳайдайди. Нега сизнинг рулга ўтиришингизга индамади?
— Акам мендан баттар бўлиб қолганди. У ўтирган жойида ухлаб қолди. Ўғилларининг бирортасиниям кўрмадим. Яхши эдим, кейинроқ мазам қочибди-да…
— Иброҳим нима бўлди?
— Айтдим-ку, акамникига нимага борганим эсимдан чиқибди, деб.
— Ҳа-а, кеча бормаган бўлсангиз, бугун борасиз.
— Ҳа-а, озроқ кайфим тарқасин. Ундан кейин акамни ҳам олиб боришим керак. Ҳозир у мендан баттар бўлиб ётган бўлса керак.
— Пешинга яқин борасиз-да. Мениям роса тинка-мадорим қуриди. Кеча картошка йиққани бордик. Кўпроқ ишласам, тўрт-беш сўм кўпроқ берармикан, деб роса елиб-югурибман. Бугун иш-пишга бормайман.
— Борма, — деб Ҳасан қолган қаҳвани ҳам ичиб қўйди.
Сўнг уйга кирди. Хотини жой солиб берди. Ётди. Боши анча ўзига келганлигини сезди…
У акасиникига борди. Бу пайт қуёш тепага келган, роса қиздираётган эди. Арслон кенг ҳовлида бир ўзи ўтирган экан. Ўтирган жойида укаси билан кўришди. Сўнг:
— Кеча жуда ошиб кетибди, — деди.
— Мен ҳам энди одам бўлдим.
— Аччиқни аччиқ кесади. Юз-юз урайлик, отдай бўлиб кетамиз.
— Ака, бир жойга бориб келайлик. Кейин урамиз юз-юз.
— Бу аҳволимда қандай бораман?
— Ҳиди келади-да, ака.
— Қаерга бормоқчисан?
— Сайфулла эшонникига.
— Уникида нима қиласан?
— У Иброҳимни итдай ишлатаётган экан.
— Ким айтди?
— Ўзим кўрдим.
— Ҳимм. Эшон бўлса нима қилибди? Юз-юз уриб ҳам бораверамиз. Орқасидан битта конфет сўрсанг, ҳиди билинмайди. Ана, қудуқнинг ёнида ялпиз ўсиб ётибди. Чайнайсан, ҳидни ўлдиради.
— Ҳа-а, ака, кўп нарсани биласиз.
— Менинг ёшимга етсанг, сен ҳам биласан. Кеча ўзи қандай бўлди?
— Зўр, ака.
— Бўпти, ичкарига кириб янгангга айт, музлаткичдагини берсин. Икки коса қатиқ ҳам берсин.
— Хўп.
У эшикни очиб, ичкарига бош суқди-да, янгасини чақирди. Янгаси кўриниш бериши билан акасининг топшириғини унга етказди.
— Акангиз бир жойга бораман деганди. Ичса қандай бўларкан? — деди янгаси пешонасини тириштириб.
— Кўпмас, юз-юз оламиз, деди. Мениям борадиган жойим бор.
Ҳасан шундай деб эшикни ёпди-да, акасининг ёнига келди.
Арслон бир сўзли одам. У пиёлани тўлдириб битта олганидан кейин бошқа ичмади. Кейин ўзи айтганидай, укаси билан бирга иккитадан конфет сўрди, сўнг ака-ука ялпиз чайнашди. Ортидан бир бўлакдан нон ейишди. Фақат шундан кейингина йўлга тушишди.
Аммо, барибир, Сайфулла эшон уларнинг ичганликларини сезди. Бироқ шунга қарамасдан жилмайди. Сўрашиб бўлганидан кейин:
— Нима хизмат? — деди.
— Биз Иброҳимни олиб кетгани келгандик, — дея ерга қаради Арслон.
— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Сайфулла эшон.
— Укамиз ёнимизда бўлиши керак.
— Тўғри, лекин мен раҳматли оталарингга ваъда берганман: «Ўзим улғайтираман», деб, — дея эшон ака-укага бир-бир қаради.
— Бу гапингизни илгари эшитганман. Шунинг учун… Азбаройи отамнинг ҳурмати учун уни олиб кетишингизга қаршилик қилмадим. Лекин охирги пайтларда ҳар хил гап-сўзлар эшитяпмиз, — деди Арслон пешонасини тириштириб.
— Қандай гап-сўз экан? — деб сўради ажабланган Сайфулла эшон.
— Сиз уни чўри қилиб олибсиз!..
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.