Исроил армияси журналистлар номларини йўқ қилиш рўйхатига киритгани айтилмоқда

Ғазода ишлаётган журналистларнинг айтишича, улар тўғридан-тўғри нишонга олинмоқда ва исмлари Исроил режими армияси рўйхатларига қасддан йўқ қилиш мақсадида киритилган.
Ғазодаги вазият тез суръатлар билан кескинлашар экан, маҳаллий ОАВ ходимлари у ердан хабар тарқатишда мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келмоқда. Исроил Ғазога уруш бошлаганидан бери деярли 270 нафар журналист ва ОАВ ходимини ўлдиргани маълум қилинди.
Якшанба куни Исроил кучлари “Ал-Жазира” телеканалида ишлаган беш нафар ходимни – мухбирлар Анас ал-Шариф ва Муҳаммад Қарекани, шунингдек, фотографлар Иброҳим Зоҳир ва Муҳаммад Нофални Ғазo шаҳридаги “Ал-Шифо” шифохонаси ёнидаги медиа палаткасига йўналтирилган зарба орқали ҳалок этди.
Ғазода урушни ҳужжатлаштираётган фотожурналист ва фильм ишлаб чиқарувчи Муҳаммад Асад Mehr News Agencyга берган интервьюсида:
– Уруш бошланганидан бери биз жаҳонда ҳеч бир уруш фотомухбири кўрмаган тўсиқ ва хавфларга дуч келдик. Транспорт воситалари ва ёқилғи етишмайди, ҳимоя жилетларимиз эса муддати ўтган. Биз тўғридан-тўғри нишонга олинамиз, баъзилар “қизил зона”ларда ўлдирилди, бошқалар эса кўчада юрган пайти оғир ўқ ёмгирида ҳалок бўлди, – деди.
Унинг сўзларига кўра, уйлар ва офислар вайрон қилинган, камералар ва асбоб-ускуналар зарар кўрган, чегаралар ёпиқлиги сабабли ҳеч қандай ёрдам ёки товон йўқ. Интернет ўчириб қўйилган, мобил телефонлар батареялари эса тугаётгани боис репортаж бериш янада қийинлашган.
Асад сўзини шундай якунлади:
– Ғазода урушни тўхтатиш ва журналистларга ёрдам бериш учун ҳақиқий ҳаракат зарур. Халқаро журналистлар Ғазога келишлари шарт. Узоқдан кузатиб, бироз ҳамдардлик билдириш етарли эмас. Окупация бутун Ғазо сектори устидан тўлиқ назорат ўрнатишни режалаштирмоқда, шу боис журналистларни ҳимоя қилиш учун халқаро ташкилотлар амалий чора кўриши лозим, – деди у.