Ер ютиб кетмаяпдиям!..

Яқинда Индонезияда бир фильм катта шов-шувга сабаб бўлди: унда ўз қайнонаси билан ишқий муносабатда бўлган куёв воқеаси акс этган. Фильм мамлакатда вирусдек тарқади. Жамоатчилик қаттиқ норозилик билдиряпти – “бу исломий қадриятларга зид”, “тарбияни бузади”, деган баҳслар тинмаяпти. Лекин фильм оммалашишдан тўхтамаяпти.
Бу сизга ҳеч нимани эслатмаяптими?
Инсоннинг ички маразликлари юзага чиққан бундай воқеалар азалдан бўлган, лекин ижтимоий тармоқлар ва интернет асрида бу воқелар фильмлар ва сериалларга айланиб, одамларга ахлоқий топшириқ, намуна бўлиб қоляпти, яъни “шундай қилиб бўлади” деган тасаввурни тарқатяпти.
Бу масаланинг бир томони.
Бошқа томондан эса аччиқ савол бор: нимага аҳолисининг катта қисми мусулмон бўлган Индонезияда (ёки Ўзбекистонда) бундай фильмлар суратга олинди ва оммалашяпти?
Индонезия дунёда мусулмонлар энг кўп яшайдиган мамлакат ҳисобланади (244 млн). У ерда диний тақиқлардан ташқари қонун ҳам хиёнатга қарши курашади: никоҳдан ташқари ишқий муносабат қилганлик учун қамоқ жазоси белгиланган. Шунга қарамай, фильмдаги воқеа реал ҳаётда бўлган ва унинг иштирокчилари қамалган.
Бизда ҳам “қайнота келин” ҳақидаги сериаллар, фильмлар худди шу тарзда – нафрат, танқид ва гап-сўзлар билан муҳокама қилинади. Аммо ютубда ўзбек тилидаги шундай контентлар жуда кўп кўрилган.
Чунки инсоният нақадар ранг-баранг бўлмасин, ожизликлари ва хатолари умумий, такрорланувчан… шунга кўра, ўзбеклар ахлоқсизлашиб кетяпти деб ваҳима қилманглар, бошқаларда ҳам шундай.
Лекин бутун инсоният учун умумий қадриятлар ва ахлоқ ҳам бор. Унга дахл қилинганида барча ахлоқли афкор инсоният оёққа қалқади, қоралайди, қаршилик кўрсатади.
Ахлоқ ҳар бир инсоннинг ички шахсий танлови, инсоний қиёфаси билан боғлиқ.
Шундай шароитда ушбу контентларни кўрган ёки улар ҳақидаги баҳсларни ўқиган ҳар бир инсон, эътиқодидан қатъи назар, инсоний ахлоқи, етуклик даражасидан келиб чиқиб хулоса қилади. Акс ҳолда Индонезияда бу фильм вирусдек тарқамаслиги керак эди.
Инсон нафси ҳакалак отганида, унинг йўриғига юриш ё ўзини тийиш қарорини, қайси динда бўлиши ёки динсизлигидан қатъи назар, ўз шахсий ахлоқига кўра қабул қилади.
Шаҳноза Соатова