Хотинимни илгаригидек севмадим!..

Хотинимни илгаригидек севмадим!..

Севганимга уйландим ва тўйдан кейин севган нарсаларини унга ҳадя қилишни бошладим. Шунақа хурсанд бўларди, шунақа шодланардики, гўё икки кўзи чақнаб-ёниб, ўзи осмонда учарди. У, совғани, мен эса уни томоша қилардим… Деярли ҳар куни унга атаб бирор нарса кўтариб келардим. Унинг яхши хислати: оддий совғага ҳам хурсанд бўлаверарди. Бир дона олма ёки оддий сақични ҳам энг қимматбаҳо тақинчоқдек қабул қиларди.
Ҳаёт бир текис кетмас экан. Орамизга шайтон, оиламизга йўқчилик оралади. Совғалар беролмай қолдим, ҳатто ширинсўз ҳам ҳадя этолмаган кунларим бўлди. Бир-биримизни тушунмасдик. Баъзида ўзимни, ҳолатимни ва ҳаётни соатлаб тушунтирардим. Худди ҳаммасини тушунгандек бўларди-ю, эртаси куни барчаси эски ҳаммом эски тос бўлиб қолаверарди. Юзи тунд, мендан норози, ҳаётдан хафа бўлиб яшарди. Илгарги итоатининг “и”си қолган эди, холос.
Синов кунларимиз ўтиб кетди, алҳамдулиллаҳ. Сахий Роббим бизга яна ‪саховат эшикларини очди. Мен яна одатимга кўра уйга катта-катта кўтариб келишни бошладим. Шартлиги ва зарурлиги учун ихтиёрий-мажбурий равишда бозорлик қилардим. У яна эски ҳолига қайтди: уйга келган нарсалардан кўзлари чақнаб-ёниб, ўзи осмонда учарди. Аввалгидан ҳам кўпроқ хурсанд бўларди.
Фақат биргина нарса аввалгидай эмас эди: унинг хурсандчилигини кўриб мен хурсанд бўлмасдим. Нимагадир ўша юзлари тунд, мендан норози, ҳаётдан хафа, итоатсиз аёл сурати кўз олдимда гавдаланаверар эди…
Салбий ҳис-туйғуларимни унга билдирмасликка ҳаракат қилардим, минг қилса ҳам ахир фарзандларимнинг онаси-да. Лекин Пайғамбар алайҳиссаломнинг нафсига бандалар ҳақидаги айтган ҳадисларининг маъноси ёдимга келаверарди: «Шундай бандалар борки, берсанг рози-хурсанд бўладилар, мабодо бермасанг, хафа бўладилар, керак бўлса ғазаб қиладилар…»
Жаноб Камина
Дўстларингизга ҳам юборинг: