Германияда пенсия ёшини 73 ёшгача ошириш таклифи илгари сурилди

Германия Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида яқинда тузилган янги Илмий маслаҳат кенгаши пенсия тизими коллапсини олдини олиш мақсадида пенсия ёшини 73 ёшгача оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда BILD нашри хабар берди — таклиф кенгаш томонидан эълон қилинган ҳисоботда баён этилган.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, ислоҳотлар учун вақт деярли қолмаган. Уларга кўра, Германия иқтисодиёти бир неча йиллардан бери инқироз ҳолатида бўлиб, демографик вазият ҳам тобора ёмонлашмоқда.
«Агар биз келажак авлодларни ортиқча юк билан таъминламасдан ижтимоий кафолатлар миқдорини сақлаб қолмоқчи бўлсак, кўпроқ ишлашга мажбур бўламиз. Пенсия ёши умр давомийлигига боғлиқ ҳолда белгиланиши керак», — дейилади ҳисоботда.
Экспертлар бу масалада Дания тажрибасини мисол қилиб келтиришмоқда: у ерда 2006 йилдан бери пенсия ёши демографик кўрсаткичларга қараб доимий равишда ўзгартириб борилади. 2040 йилга келиб у 70 ёшга, 2060 йилга келиб эса 73 ёшга етиши мумкин.
Мазкур ташаббус Берлинда катта муҳокамаларга сабаб бўлди: яқинда Иқтисодиёт вазири Катарина Райхе пенсия ёшини 70 ёш билан чеклашни таклиф қилган эди — ва бунинг ўзиёқ жиддий танқидларга сабаб бўлган эди.