АҚШдаги шатдаун сабабли парвозлар кечикди

АҚШ ҳукумати иш фаолияти ва молиялаштируви тўхтатилганидан бир ҳафта ўтгач, диспетчерларнинг ишга чиқмай қолиши туфайли рейсларнинг кечикиши ва бекор қилиниши ҳолатлари ортиб бормоқда, деб хабар беради ABC News.
Сешанба куни Теннесси штатидаги Нэшвилл халқаро аэропорти устидаги ҳаво ҳаракатини бошқариш минораси чекланган ишчи кучи билан ишлаган ва баъзи қўниш рейсларини Мемфисдаги ҳаво ҳаракатини бошқариш маркази мувофиқлаштиришга мажбур бўлган. Парвозлар ўртача икки соатдан кўпроқ кечиктирилган.
Фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси (FAA) маълумотларига кўра, ходимлар етишмаслиги Даллаcда (Техас штати) рейслар ўртача ҳисобда 30 дақиқага кечикишига, Чикагодада (Иллинойс штати) эса 40 дақиқага кечикишига сабаб бўлди.
FAA ҳужжатларига кўра, Калифорниядаги Бурбанк аэропорти ҳаво ҳаракатини назорат қилувчиларнинг йўқлиги сабабли душанба куни назорат минорасини бир неча соатга ёпишга мажбур бўлди.
Душанба куни Колорадо штатидаги Денвер аэропортида 600 дан ортиқ рейс ва Аризона штатининг Феникс аэропортида 200 га яқин рейс кечиктирилди.
Ҳаво ҳаракатини назорат қилувчилар миллий ассоциацияси (NATCA) маълумотларига кўра, ҳаво ҳаракатини назорат қилувчилар маошларининг бир қисмини 14 октябрда оладилар, бироқ ҳукумат ёпилиши давом этса, 28 октябрда ҳам маблағ кутилмайди.
Диспетчерлар муҳим ишчилар ҳисобланади ва ҳукумат ёпилиши пайтида ишдан бўшатилмайди. Транспорт вазирлигининг тўхтатиш режасига кўра, тахминан 13 294 диспетчер маошсиз ишлашда давом этади.