АҚШ дронлар тўдасига қарши янги “электрон робот” яратди

АҚШ дронлар тўдасига қарши янги “электрон робот” яратди

Американинг Epirus ва General Dynamics Land Systems (GDLS) компаниялари замонавий урушаётган дрон таҳдидларига қарши курашда янги босқични бошлади. Улар янги автоном робот тизимини тақдим этишди, у микротўлқинли қурол ва сунъий интеллектли ерусти техникасини бирлаштиради.

Leonidas Autonomous Robotic (Leonidas AR) деб номланган бу платформа Epirus’нинг юқори қувватли микротўлқинли қуроли — Leonidas тизимини GDLS ишлаб чиққан 10 тоннали Tracked Robot (TRX) шассиси билан уйғунлаштиради. Натижада бутун дронлар тўдасини бир зарбада йўқ қила оладиган, мобиль ва тўлиқ автоном аксилдрон тизими яратилди.

Leonidas тизими асосан улкан кучга эга микротўлқинли импульслар орқали душман дронларининг электроникасини ишдан чиқаради. Яъни, у ракета ёки артиллериясиз, фақат электромагнит куч орқали дронларни бир зумда фаолиятсиз ҳолга келтиради. Бу жараён «бир импулс — кўп нишон» усули сифатида таърифланмоқда.

Аниқлиги ва тезкорлиги билан ажралиб турувчи тизим операторга турли шароитларда частота ва қувватни мослаш имконини беради. Шунингдек, “хавфсиз ҳудуд” яратиш функцияси орқали ўз дронларига таъсир этмасликни таъминлайди. Тизимни янгилаш учун майдонни тарк этиш ҳам шарт эмас — барча модификациялар масофадан ўрнатилади.

Бу платформа GDLS ишлаб чиққан TRX кузатувчи робот асосида қурилган. 10 тоннали гибрид-электр транспорт воситаси сунъий интеллект ва кучли сенсорлар билан жиҳозланган. У бир марта қувватланганда 480 км масофани босиб ўтади ва соатига 72 км тезликка эриша олади. Унинг радар ва ҳисоблаш тизимлари туфайли робот ҳам автоном, ҳам масофадан бошқариладиган ҳолда ишлай олади.

Муттахассислар фикрича, Leonidas AR — замонавий ҳарбий технологияда янги босқич. У нафақат дрон таҳдидларига қарши самарали ечим, балки келажакда бутун армияларнинг автоматлаштирилган ҳимоя тизимига айланиши мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: