Трамп Украина учун Хитой томонидан молиялаштириладиган фонд яратмоқчи

АҚШ президенти Дональд Трамп Россияга босимни кучайтириш ва Украина можаросини дипломатик йўл билан ҳал этишни жадаллаштириш мақсадида янги ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча божлар жорий этилмоқда, бу маблағлар “Украина ғалаба жамғармаси” орқали Киевни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
The Telegraph нашрининг хабар беришича, Трамп АҚШ молия вазири Скотт Бессентга ушбу ташаббусни Европа иттифоқидаги ҳамкорлар билан муҳокама қилишни топширган. Режага кўра, Хитой товарларига 500 фоизгача бож жорий қилинади, тушум эса Украина армиясини қуроллантириш ва мамлакат мудофаасини молиявий таъминлашга йўналтирилади.
Ушбу қарор Украина президенти Владимир Зеленскийнинг 17-октябр куни Вашингтонга кутилган ташрифи арафасида эълон қилинди. Трампнинг сўзларига кўра, янги механизм АҚШнинг Москвага иқтисодий босимини кучайтириш билан бирга, Россияни музокаралар столига қайтариш учун зарур босқич бўлади.
Аввалроқ Трамп Украинага молиявий ёрдамни чеклаш тарафдори бўлган эди, бироқ сўнгги баёнотларида у “мавжуд вазиятга нисбатан янги стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини” таъкидлади.
Экспертлар фикрича, режа амалга оширилиши учун АҚШнинг Европа иттифоқчилари билан мувофиқлашуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки бир қатор давлатлар Хитойни Россиянинг “асосий ҳамкори” деб билса-да, уни очиқчасига душман сифатида кўрмайди.