“Исмигул” қўшиғидан рухсатсиз фойдаланган ижодкор суд қарори билан жаримага тортилди
Фарғона вилоятида жойлашган туманлараро судда таниқли бастакор Ўктам Ҳакимов томонидан ёзилган “Исмигул” қўшиғининг муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши бўйича даъво кўриб чиқилди.
Мазкур ишда жавобгар сифатида Надйр тахаллуси билан танилган ижодкор — Нодирбек Игамбердиев иштирок этди. У 2023-йилда “Исмигул” қўшиғини “Энигма” услубида қайта аранжировка қилиб, бир қатор халқаро платформаларда тарқатган. Ушбу версия иТунес рейтингида илк ўнликка кириб, Instagramда ҳам кенг тарқалган эди. Бироқ муаллиф томонидан ҳуқуқбузарлик юзасидан мурожаатлар йўллангач, қўшиқ барча платформалардан олиб ташланди.
Ўзбекистон муаллифлик ва турдош ҳуқуқ эгалари жамоат бирлашмаси томонидан кўрсатилган даъво асосида суд жавобгардан жами 46 миллион 200 минг сўм миқдорида товон ундиришга қарор қилди. Шундан 41,2 миллион сўм муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши оқибатида етказилган зарар учун, 5 миллион сўм эса маънавий зарар сифатида белгиланди.
Суд ҳукмига кўра, Нодирбек Игамбердиев эндиликда “Исмигул” асаридан фойдаланишни тўлиқ тўхтатиши шарт. Хусусан, ушбу қўшиқни эфирга узатиш, ижтимоий тармоқларда тарқатиш, телерадиоканаллар орқали намойиш қилиш қатъиян ман этилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон қонунчилигига биноан муаллифлар ҳуқуқ бузилган тақдирда зарарни қоплаш ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга.
