4,5 км баландликдан иккита носоз парашют билан омон қолди
АҚШлик Бред Гай 4,5 километр баландликдан иккита ишламай қолган парашют билан сакраганига қарамай, тирик қолди. У ўзининг ҳайратланарли ҳикоясини SBS телеканалига сўзлаб берди.
Ҳодиса 11 йил аввал содир бўлган. 21 ёшига тўлган Бредга парашютдан сакраш сертификати совға қилинади ва у дарҳол бу имкониятдан фойдаланишга қарор қилади. Сакрашни унинг бутун оиласи – ота-онаси, сингиллари ва уларнинг фарзандлари кузатиш учун келган бўлган.
Инструктор билан тандемда самолётдан сакраган Гай дастлаб етти сония эркин тушган. Биринчи парашют очилмаганида инструктор авария парашютини ишга туширишга уринган, аммо у ҳам ишламай қолган.
“Ўлим муқаррарлигини ҳис қилдим, аммо оиламни ўйлаб, ўта айбдорлик туйғусини кечирдим,” — деб эслайди Бред. Инструктор қўниш учун энг хавфсиз жой сифатида гольф майдонидаги кўл ёнини танлаган ва бу қарор иккисининг ҳам ҳаётини сақлаб қолган.
Қўниш пайтида Бреднинг умуртқаси ва қовурғалари синган, бўйин пайлари узилган. У тўрт ой давомида ҳаракатлана олмаган ва оила ёрдамига муҳтож бўлган. Шифокорлар унга травмадан кейинги стресс бузилиши ташхисини қўйишган.
“Мен деярли яшаш истагимни йўқотган эдим, аммо кейинчалик оилам ва ҳаётнинг қадрини яна ҳис қилдим,” — дейди Бред Гай.
