Саудия Арабистони The Line лойиҳасини қисқартирди
Саудия Арабистони ҳукумати The Line лойиҳасининг кўламини қайта кўриб чиқди. Дастлаб 170 километр узунликдаги чизиқли мегаполис сифатида режалаштирилган ушбу лойиҳа харажатларнинг ошиши ва иқтисодий шароитларнинг ўзгариши сабабли анча кичикроқ ҳажмда амалга оширилади.
The Line лойиҳаси «2030 Визён» стратегиясининг муҳим қисми бўлиб, автомобилларсиз утопик шаҳар концепциясига асосланган. У 9 миллион аҳоли учун мўлжалланган эди.
Янги режага кўра, 2030 йилга келиб атиги 2,4 километр узунликдаги қисми қурилади ва аҳолиси 300 мингдан кам бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа кўламининг қисқаришига нефть бозори тебранишлари ва қурилиш харажатларининг ошиши сабаб бўлди.
Бу ҳолат миллиардлаб доллар қийматга эга бўлган Неом мегаполиси бюджетига босим ўтказди. Натижада, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошчилигидаги ҳукумат режаларни қайта кўриб чиқишга мажбур бўлди.
Лойиҳанинг қисқариши туфайли айрим пудратчилар ишчиларни ишдан бўшатишни бошлади. The Line лойиҳасидаги ўзгаришларга қарамай, Неомнинг бошқа объектлари, жумладан, туристик ва саноат зоналари бўйича ишлар давом этмоқда.
Кўплаб экспертлар ушбу лойиҳани аввал бошидаёқ муваффақиятсизликка учрайдиган ҳаддан ташқари амбицияли лойиҳа деб баҳолаган эди.
