Қора денгиз соҳили 2026 йилнинг энг яхши саёҳат манзили деб топилди

Қора денгиз соҳили 2026 йилнинг энг яхши саёҳат манзили деб топилди

Дунёнинг энг нуфузли саёҳат нашрларидан бири — National Geographic саёҳат учун энг яхши йўналишларни эълон қилди. Унга кўра, Туркиянинг Қора денгиз соҳили 2026 йилнинг энг яхши саёҳат манзили деб топилди. Нашр таъкидлаганидек, минтақанинг қирғоқлари оломондан йироқ, саргузашт изловчи ва ҳақиқий турк маданиятининг руҳини ҳис қилишни истаганлар учун энг ноёб манзил ҳисобланади.

Ҳар йили National Geographic муҳаррирлари ва туризм мутахассислари томонидан ўтказиладиган “Best of the World” танловида келгуси йилнинг энг яхши 25 та саёҳат йўналиши танлаб олинади. Бу йилги танлов доирасида Қора денгиз соҳилларининг танланиши бежиз эмас, бу ўлка ҳайбатли тоғлари, ям-яшил водийлари, бой маданий мероси ва жонли маҳаллий ҳаёти билан сайёҳларни ўзига ром этади.

Қора денгиз минтақаси CNN Travel томонидан “2024 йилнинг энг яхши саёҳат маскани” қаторига киритилган. Шунингдек, минтақанинг икки вилояти Орду ва Гиресун — Lonely Planet томонидан “2025 йилнинг энг яхши саёҳат йўналишлари” сифатида тан олинди.

Саргузаштлар юраги

Бир вақтлар Буюк Ипак йўлининг жонли савдо маркази бўлган Қора денгиз энди табиатсеварларнинг севимли масканига айланди. Шимолий Анадoлу тоғларидаги миллий боғлар ва зумрад яшил манзаралар орасида сайр қилиш инсонга ҳузур бағишлайди. Гумушҳаненинг Каража ғоридаги миллион йиллик сталактит ва сталагмит тош сумалакларини кашф қилиш, Фиртина дарёсида рафтинг саргузаштларига чиқиш ва Айдер платосидаги адреналинни оширувчи машғулотлар — сайёҳлар учун унутилмас тажрибага айланади.

National Geographic Қора денгизни бир кунда ҳам тўлқинларда сёрфинг қилиб, ҳам қорли тоғларда чанғи учиш мумкин бўлган сайёрадаги камёб жойлардан бири сифатида таърифлайди. Чамбаши ва Ризе вилоятидаги Овит каби тоғли ҳудудлар чанғи ва сноуборд учун ажойиб имкониятлар тақдим этади.

Бундан ташқари, Ризенинг Зил ўрта аср қалъаси, Трабзоннинг Сумела монастири, Ая София меъморий мўъжизаси ва ЮНEСКО рўйхатига киритилган Сафранболу ҳамда Трабзондаги анъанавий аҳоли пунктлари минтақанинг энг диққатга сазовор жойларидан ҳисобланади.

Энг Мазали Маҳаллий Таомлар

Минтақанинг энг машҳур таомларидан бири янги тутилган балиқ ва майда шўр балиқдан тайёрланган ҳамсили палов бўлиб, унинг ўзига хос лаззатбахш таъми бошқа денгиз маҳсулотларидан ажратиб туради.

Куймак (жўхори уни ва пишлоқдан тайёрланадиган нонушта таоми), акчаабат кўфтеси, самсун пидеси, карам дўлма ва ҳамсикўй сутлачи (гуруч пудинги) каби маҳаллий таомлар минтақанинг бой гастрономик меросини акс эттиради.

Қора денгиз минтақасининг ўзига хос микроиқлими махсус қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш имконини беради. Масалан, Орду ва Гиресун вилоятларида энг сифатли ёнғоқлар етиштирилса, Ризе, Трабзон ва Артвин чой плантациялари билан машҳур. Айниқса, Ризенинг Чечева қишлоғидаги чой йиғим-терим мавсуми меҳмонларга бу ўлканинг руҳини, табиат ва меҳнат уйғунлигини ҳис қилиш имконини берувчи тенгсиз тажриба саналади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: