Ўзбекистон ва АҚШ ўзаро виза тартибини соддалаштириш йўлларини муҳокама қилмоқда
Ўзбекистон ва АҚШ фуқаролар ҳамда бизнес учун виза режимини соддалаштириш масаласини кўриб чиқмоқчи. Бу ҳақида Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев “Ўзбекистон24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Яқинда қабул қилинган америкаликлар учун визаларни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни ҳисобга олган ҳолда, бу ерда туризм ҳам ривожланади. Фуқароларимиз ва бизнес учун [виза тартибини] соддалаштириш масаласи кўриб чиқилади”, — деди вазир ўринбосари.
Транспорт вазири ўринбосарига кўра, Uzbekistan Airways ва Boeing ўртасидаги 22 та 787-9 Dreamliner самолётларини етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши узоқ йўналишларга, хусусан АҚШ шаҳарларига парвозлар географиясини кенгайтириш имконини беради.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Ўзбекистонга АҚШ фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим жорий этилгани ҳақида Президент фармони қабул қилинган эди.
Ундан олдин май ойида эса Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирларини тасдиқлаган эди. Ўшанда Ташқи ишлар вазирлигига АҚШ фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим бўйича таклифлар киритилишни топширган эди. Ўз навбатида, Америка томонида ўзбекистонликлар учун виза режимини енгиллаштириш кутилган эди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари маслаҳатчиси Комил Алламжоновга кўра, октябрь ойидаги учрашувда АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау ва АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор америкаликлар учун визаларни бекор қилиш масаласини кўтарган. Алламжоновнинг айтишича, Ўзбекистон АҚШлик сайёҳлар учун очиқ.
У Б1/Б2 (хусусий ишбилармонлик сафари) визаларининг муддатини 1 йилдан 10 йилгача узайтириш Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги катта қадам бўлишини айтган эди.
