Ла Лигада пешқадам ўзгарди

Ла Лигада пешқадам ўзгарди

Кеча, 30 ноябрь куни Испания Ла Лигасининг 14-тур учрашувлари якунланди. Бу турда пешқадам “Реал Мадрид” сафарда “Жирона” билан дуранг ўйнади. Натижада “Барселона”нинг “Алавес” устидан қозонилган ғалабаси эвазига жадвал пешқадамига айланди. “Атлетико Мадрид” эса ўз майдонида “Овиедо”ни мағлуб этишга эришди.

“Хетафе” 1:0 “Элче”

“Хетафе” ўз майдонида “Элче”ни ягона гол билан мағлуб этди. Мауро Арамбаррининг голи мезбонларга муҳим уч очкони расмийлаштириш имконини берди.

“Мальорка” 2:2 “Осасуна”

Бу учрашувда “Мальорка” ва “Осасуна” ўзаро тенг кураш олиб борди ва якунда дуранг натижа қайд этилди.

“Барселона” 3:1 “Алавес”

“Барселона” ўз майдонида аниқ ва самарали ўйин кўрсатиб, “Алавес”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. “Кўк-анорранглилар” дастлабки дақиқаларда гол ўтказиб юборганига қарамай, Жамол Ямал ва Олмонинг голлари ҳисобига уч очкони қўлга киритди.

“Леванте” 0:2 “Атлетик Бильбао”

“Атлетик Бильбао” ҳимояда ишончли ўйин кўрсатиб, “Леванте”га имкон қолдирмади. Меҳмонлар икки бор гол уриб, сафарда муҳим ғалабага эришди.

“Атлетико Мадрид” 2:0 “Овиедо”

“Атлетико Мадрид” ўз майдонида ўйинни тўлиқ назорат қилиб, устунлигини яққол намойиш этди. Диего Симеоне шогирдлари Сёрлотнинг дублига таяниб, уч очкони қўлга киритди.

“Реал Сосьедад” 2:3 “Вильярреал”

Голларга бой бўлган ушбу баҳсда “Вильярреал” сафарда муҳим ғалабани қўлга киритди. “Реал Сосьедад” яхши ўйин кўрсатган бўлса-да, Альберто Молейронинг 90+5-дақиқадаги голи меҳмонларга зафар келтирди.

“Севилья” 0:2 “Бетис”

Андалус дербисида “Бетис” 2:0 ҳисобида зафар қучди. Форнальс ва Алтимиранинг голлари меҳмонларга устунлик олиб берди. “Севилья” эса 84-дақиқада Исаак Ромеронинг қизил карточка олиши сабабли ўйинни бир киши кам якунлашга мажбур бўлди.

“Сельта” 0:1 “Эспаньол”

“Эспаньол” сафарда кичик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Бу натижа Барселона клубига жадвалнинг юқори қисмига яқинлашиш имконини берди. Ҳозирда улар 6-поғонани эгаллаб турибди.

“Жирона” 1:1 “Реал Мадрид”

“Жирона” ўз майдонида “Реал Мадрид”га жиддий қаршилик кўрсатди ва пешқадамнинг очко йўқотишига сабабчи бўлди. Биринчи бўлим охирида Аззедине Оунаҳининг голи мезбонларни олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлимда Килиан Мбаппе пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Натижада мадридликлар пешқадамликни ўз рақиби “Барселона”га бой бериб, 2-поғонага тушиб кетди.

“Райо Вальекано” – “Валенсия”

Бу учрашув бугун, 1 декабрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маълумот учун, якунланган турдан сўнг Каталониянинг “Барселона” жамоаси 34 очко билан пешқадамга айланиб олди. “Реал Мадрид” турдаги муваффақиятсизлик эвазига 33 очко билан 2, “Вильярреал” жамоаси эса 32 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. Навбатдаги тур учрашувлари жорий йилнинг 5 ноябрь куни бошланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: