GoTürkiye янги мини-сериали “Hidden Lover” билан Анталиянинг бетакрор манзаралари экранларда
Туркиянинг расмий туризм тарғибот платформаси GoTürkiye ўзининг YouTube каналида Эда Эже ва Жанер Жиндорук иштирокидаги учинчи мини-сериал “Hidden Lover” ни тақдим этди. Анталиянинг бетакрор манзилларида суратга олинган ушбу романтик комедия Ўрта ер денгизи соҳилларини глобал миқёсда танитишни мақсад қилган.
Мурат Ўзтурк режиссёрлигидаги 10 қисмли сериал Анталиянинг кам танилган табиий, тарихий ва маданий бойликларини янги ракурсда намойиш этади. Ҳикоя меъмор Гунеш (Эда Эже) нинг тадбиркор Умар билан боғланиб, муҳим лойиҳани тақдим этишга уриниши билан бошланади. Бироқ, Гунеш адашиб, Умарнинг ҳайдовчиси деб ўйлаган Дениз (Жанер Жиндорук) билан учрашади. Денизни учрашув ташкил қилишга кўндириш учун Гунеш уни Анталиянинг яширин қўлтиқлари, қадимий шаҳарлари, даралари, соҳиллари ва Ўрта ер денгизи ошхонасининг энг нафис таомлари бўйлаб сайрга олиб боради. Улар бир кун ичида шаҳарнинг барча гўзалликларидан баҳраманд бўлиб, ўзаро кутилмаган яқинликни ҳис қиладилар. Шу тариқа улар орасида романтик-қувноқ саргузашт бошланади.
Ушбу мини сериал томошабинларга Анталиянинг туркуаз соҳиллари, антик шаҳарлари, ҳайратланарли манзараларидан тортиб Ўрта ер денгизининг жўшқин тунги ҳаётигача кашф қилиш имкониятини беради.
“Hidden Lover” GoTürkiye томонидан яратилган 3 мини-сериалдир. Дастлабки 2 лойиҳа – Мерем Узерли ва Каан Урганжиоғлу бош ролларни ижро этган “Antaliya Gambit” ҳамда Афра Сарачоғлу ва Энгин Акюрек иштирокидаги “Istanbul my love” эди. Икки сериал ҳам интернетда катта муваффақият қозонди, ҳар бир эпизодни дунё бўйлаб 76 мамлакатдан миллионлаб одамлар томоша қилишди.
“Hidden Lover” нинг чиқиши GoTürkiye контент стратегиясининг катта рақамли муваффақиятини давом эттиради. Ҳозирда GoTürkiye YouTube канали 5,3 миллиондан ортиқ обуначига эга бўлиб, глобал туризм платформалари орасида етакчи ўринга чиқди. Канал 2025 йилнинг биринчи ярмида 763 миллиондан ортиқ кўриш сонига эришди. Бу эса аввалги даврга нисбатан обуначилар сони 146% ва умумий кўришлар сони 55% га ўсганини кўрсатади.
