Netflix Warner Bros’ни 82,7 миллиард долларга сотиб олади

Netflix Warner Bros’ни 82,7 миллиард долларга сотиб олади

Netflix Warner Bros’ни, жумладан киностудия, телевидение студияси, HBO ва HBO Max платформаларини сотиб олмоқда. Бу ҳақда Netflix матбуот хизмати хабар берди.

Битим қиймати 82,7 миллиард доллар қилиб баҳоланмоқда ва у WBD компаниясининг қайта ташкил этилиши якунланганидан сўнг, 2026 йилнинг учинчи чорагида тўлиқ тугалланади. Ушбу келишув дунёдаги энг йирик стриминг хизмати ва энг машҳур киностудиялардан бирини бирлаштиради.

Netflix кутубхонасига «Гарри Поттер», «Дўстлар», «Тахтлар ўйини», «Сопранолар оиласи», DC фильмлари, «Шамолда қолганлар», «Касабланка» каби франшизалар ва классик фильмлар қўшилади. Бу лойиҳалар Netflix’нинг «Жуда ғалати ишлар», «Қоғоз уйи», «Бриджертонлар» ва «Калмар ўйини» каби машҳур лойиҳаларини тўлдиради.

Warner Bros’нинг анъанавий кинотеатрларда намойиш қилиш жараёни давом этади, студия эса Netflix’нинг глобал платформасига кириш имкониятига эга бўлади. Битим аллақачон иккaла компаниянинг директорлар кенгаши томонидан маъқулланган.

Уни якунлаш учун WBD акциядорлари ва тартибга солувчилар розилиги талаб қилинади. Битимнинг тўлиқ тугалланиши 12-18 ой ичида кутилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: