Дунёда безгакка чалиниш ва ундан ўлим ҳолатлари яна ортмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботига кўра, дунёда безгакка чалиниш ва ундан ўлим ҳолатлари яна ортмоқда.
2024 йилда 282 миллион киши безгакка дучор бўлган — бу аввалги йилга нисбатан 9 миллионга кўп. Касаллик оқибатида 610 минг бемор ҳаётдан кўз юмган бўлиб, ўтган йилга қараганда ўлимлар сони 12 минг нафарга ошган.
Касаллик энг кўп қаерда тарқалмоқда?
Эпидемия асосан Африканинг 11 давлатида қайд этилган. Безгакдан вафот этганларнинг учдан икки қисми айнан шу минтақа ҳиссасига тўғри келади.
Нега дори воситалари бўлса-да, вазият оғирлашмоқда?
Ҳозирги кунда безгакка қарши самарали дорилар, профилактика усуллари ва ҳатто икки хил янги вакцина мавжуд бўлса-да, ЖССТнинг айтишича, муаммо бошқача:
– Халқаро молиялаштириш етарли эмас.
– Кўплаб давлатлар профилактика ва эмлаш дастурларини кенг қамровда жорий эта олмаяпти.
Мутахассислар вакцинация орқали ҳар йили ўн минглаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини таъкидламоқда.
ЖССТ давлатларни чоралар кўришга чақирмоқда
Ташкилот барча мамлакатларни:
– безгакка қарши курашга қўшимча маблағ ажратиш,
– эмлаш дастурларини кенгайтириш,
– профилактикани кучайтиришга чақирди.
