Тошкентда портлаш уюштирмоқчи бўлган йигит 6 йилга қамалди
Тошкентда хавфли қўпорувчилик ҳаракатларига тайёргарлик кўрган, Қашқадарёда туғилган 20 ёшли йигитга суд ҳукми чиқарилиб, у 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Яккасарой тумани судида кўрилган иш бўйича айрим медиаларда нотўғри талқинлар пайдо бўлгани ортидан вазиятга расмий идоралар изоҳ берди.
Тергўв материалларига кўра, Т.Н. 2023 йилдан интернет орқали мустақил равишда диний маълумотлар ўргана бошлаган ва бу жараёнда экстремистик ва террористик гуруҳлар ғояларининг таъсирига тушган. У мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга қарши чиқиб, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ташкилоти аъзолари билан онлайн мулоқотга киришган.
Шундан сўнг у “Instagram” орқали Суриядаги жангарилар билан боғланиб, ўз қарашларини янада кескинлаштирган. Муҳими, у Сурияга чиқиб кетиш ва террорчи гуруҳлар таркибига қўшилиш йўлларини ҳам излаган.
Т.Н. шу билан бирга тармоқларда тақиқланган материалларни сақлаган ва тарқатган, Тошкентда портлаш уюштиришга тайёргарлик кўргани ҳам аниқланган.
Айбловлар Жиноят кодексининг терроризм ва экстремизмга оид бир нечта моддалари билан қўйилган. Санкциялар оғир бўлиши мумкин бўлса-да, суд енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда 6 йиллик жазо тайинлади.
Тарафларга ҳукмдан норози бўлган тақдирда апелляция ёки кассация шикояти бериш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.
