Хитой, Россия ва Эрон Жанубий Африкада ҳарбий-денгиз машғулотларини бошлади

Хитой, Россия ва Эрон Жанубий Африкада ҳарбий-денгиз машғулотларини бошлади

АҚШнинг Венесуэлага аралашуви ва ушбу мамлакат нефтьини ташийдиган танкерларни қўлга олиш ҳаракатлари фонида юзага келган кескин геосиёсий вазиятда Хитой, Россия ва Эрон ҳарбий кемалари Жанубий Африканинг Кейптаун қирғоқларида бир ҳафталик денгиз машғулотларини бошлади. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Хитой бошчилигидаги ушбу машғулотлар 2025-йилда BRICS блоки доирасида ташкил этилган бўлиб, Жанубий Африка қуролли кучларининг баёнотига кўра, ундан кўзланган мақсад денгиз хавфсизлигини таъминлаш, қароқчиликка қарши кураш чораларини машқ қилиш ва ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришдан иборат.

Хитой, Россия ва Жанубий Африка BRICSнинг кўп йиллик аъзолари ҳисобланади, Эрон эса гуруҳга 2024 йилда келиб қўшилган. Эрон ҳарбий-денгиз кучларининг ушбу машғулотлардаги иштироки мамлакат ичида ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давом этаётган бир вақтга тўғри келди.

Ҳозирча BRICS’нинг бошқа аъзолари (Бразилия, Ҳиндистон ва БАА каби) машғулотларда қатнашиши ёки қатнашмаслиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Жанубий Африка қуролли кучлари вакили келаси жумагача давом этадиган машқларда иштирок этувчи барча давлатлар рўйхатини ҳали тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Хитой, Россия ва Эрон кемалари Кейптаундан жанубда, Ҳинд ва Атлантика океанлари туташган Симонтаун ҳарбий-денгиз базаси ҳудудида ҳаракатланаётгани кузатилган. Хитой машғулотларга узунлиги 161 метр бўлган Тангшан эсминецини, Россиянинг Болтиқ флоти эса “Стойкий” кичик ҳарбий кемаси ва ёнилғи қуювчи танкерни юборган.

Маълумот учун, Жанубий Африка 2023-йилда ҳам Хитой ва Россия кемаларини қабул қилган эди. Навбатдаги машғулотлар ноябрь ойи охирида ўтказилиши керак эди, бироқ Жанубий Африка G20 саммити доирасида Ғарб ва бошқа дунё етакчиларини қабул қилгани сабабли дипломатик мулоҳазаларга кўра кечиктирилган эди.

Ушбу машғулотлар АҚШ ва Жанубий Африка ўртасидаги алоқаларни янада ёмонлаштириши кутилмоқда. Африка қитъасининг етакчи иқтисодиёти ҳисобланган Жанубий Африка Трамп маъмурияти томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Жанубий Африка ҳукумати қўшилмаслик ва нейтраллик сиёсатига амал қилишини таъкидласа-да, Россиянинг минтақадаги ҳарбий иштироки Вашингтон билан муносабатларга путур етказмоқда. 2023-йилда Байден маъмурияти Жанубий Африкани санкцияга тушган Россия кемасига қурол юклаб беришда айблаган, бироқ Претория буни инкор этган эди.

Мамлакат ичида ҳам ҳукуматнинг Россия ва Эрон кемаларини қабул қилиш қарори танқидга учрамоқда. Коалицион ҳукуматдаги иккинчи йирик партия — “Демократик альянс” оғир санкциялар остидаги давлатлар билан машғулотлар ўтказилишига қарши чиқди.

“Ушбу машғулотларни ‘BRICS ҳамкорлиги’ деб аташ — бу сиёсий ҳийла. Аслида ҳукумат Россия ва Эрон каби ‘қонунбузар’ ва санкцияга тушган давлатлар билан ҳарбий алоқаларни танламоқда”, дейилади партия баёнотида.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: