Аскарларга ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13-январь куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштириш, жумладан, ўқув жараёнини ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети негизида рақамли ва интеллектуал таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.
Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади.
Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.
Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.
