Андижонда қурол ва пичоқ билан таҳдид қилиб, пул олган жиноий гуруҳ ушланди

Андижонда қурол ва пичоқ билан таҳдид қилиб, пул олган жиноий гуруҳ ушланди

Андижон шаҳрида фуқароларни қурол ва ўткир тиғли буюмлар билан қўрқитиб, катта миқдорда пул ва криптовалюта ундириш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум бўлишича, жиноий гуруҳ аъзолари криптоактивлар билан савдо қилувчи шахсни олдиндан кузатиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари сифатида таништирган. Улар жабрланувчини шаҳардаги супермаркетлардан бири олдига чақириб, Damas автомашинасига ўтқазган ҳамда гўё ноқонуний криптофаолият учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги билан қўрқитган.

Таҳдид ва зўравонлик орқали гуруҳ аъзолари жабрланувчидан криптоҳамён орқали 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўзларига тегишли ҳисоб рақамига ўтказишга мажбур қилган. Агар 150 минг доллар ўтказилмаса, жавобгарликка тортилиши айтиб, босим кучайтирилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида гуруҳ аъзоларидан бири аёл кишига нисбатан ҳам зўравонлик қўллаб, унинг қимматбаҳо телефонини тортиб олгани ва 10 миллион сўм талаб қилгани ҳам аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан уюшган жиноий гуруҳга нисбатан Жиноят кодексининг товламачилик ва босқинчиликка оид моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилган.

Маълум қилинишича, гуруҳнинг икки нафар аъзоси — Минҳожиддин Алимов (“Ҳожи”) ва Абдумалик Шокиров (“Муфтий”) ҳозирда Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлиб, уларга нисбатан қидирув эълон қилинган. Қолган иштирокчилар ушланган ва уларга нисбатан процессуал чоралар кўрилмоқда.

Ички ишлар органлари ушбу гуруҳдан жабр кўрган фуқароларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки 102 рақами орқали мурожаат қилишга чақириб, мурожаатчиларнинг шахси қатъий махфий сақланишини билдирди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: