Трампнинг «Американи яна буюк қилиш»ига бир йил тўлди: ваъдалар ва реал натижалар
Бундан роппа-роса бир йил олдин — 2025 йил 20 январда Доналд Трамп АҚШ президенти сифатида иккинчи муддатини бошлади. У кўплаб баландпарвоз ваъдалар берган эди — «24 соатда тинчлик», Америка қудратини кенгайтириш ва иқтисодий «озодлик» шулар жумласидан.
Энг шов-шувли ваъда — Украинадаги урушни тезда тўхтатиш эди. Аммо амалда уруш давом этмоқда, Россия зарбалари сони эса ортди. Музокаралар бошланди, бироқ шу билан Кремль халқаро яккаликдан чиқди ва Оқ уйда Зеленский билан очиқ дипломатик можаро юзага келди.
Трампнинг яна бир асосий йўналиши — АҚШ таъсир доирасини кенгайтириш. Гренландия масаласи қайта кун тартибига чиқди, Европа билан босим кучайди, «миллий хавфсизлик» эса ҳудудий даъволар учун асос сифатида ишлатилмоқда.
Иқтисодда эса «Американи озод қилиш куни» деб эълон қилинган тарифлар сиёсати жорий этилди. АҚШ деярли бутун дунёга божлар киритди, Хитой ва ЕИ жавоб чоралари кўрди. Натижада асосий молиявий юк АҚШ ички бозори ва истеъмолчилари зиммасига тушди.
Миграция сиёсати энг қаттиқ йўналишлардан бири бўлди: жанубий чегара ёпилди, ICE бюджети уч баробар оширилди, депортациялар кучайди. Бу эса оммавий норозиликлар, қурбонлар ва айрим штатларга Миллий гвардия киритилишига олиб келди.
Энергетикада «Drill, baby, drill» шиори қисман ишлади: қазиб олиш ўсди, аммо ёқилғи нархлари кутилганидек кескин арзонлашмади, айрим ҳудудларда эса ҳатто қимматлашди.
